Туркиянинг Диёрбакир шаҳрида юз берган портлаш натижасида 6 полициячи ҳалок бўлди
Туркиянинг жануби-шарқида жойлашган Диёрбакир шаҳридаги автобус бекати олдида портлаш содир этилди. Бу ҳақда Haberturk хабар берган.
Охирги маълумотларга кўра, портлаш туфайли 6 киши ҳалок бўлган.
Манбанинг ёзишича, бу портлаш туфайли 20 киши жароҳатланган. Воқеа жойига тез тиббий ёрдам машиналари юборилган. Портлаш бекат яқинидан ҳарбийлар машинаси ўтаётган вақтда рўй берган.
Диёрбакир курдлар кўпчиликни ташкил этадиган ҳудудда жойлашган бўлиб, 2015 йилнинг июлида Курдистон ишчилар партияси (КИП) томонидан содир этилган терактдан кейин 2 томон ўртасидаги сулҳ бекор бўлди ва ўзаро тўқнашувлар бошланиб кетди. Анқара бу ташкилотни террорчи ташкилот сифатида баҳолайди.
Кейинги вақтларда Туркияда терактлар тез-тез амалга оширилмоқда. Охирги марта 25 март куни уюштирилган ҳужум натижасида 3 нафар ҳарбий ҳалок бўлганди. 21 март куни Мардин вилоятидаги 2та портлаш туфайли 3 ҳарбий ва 1 полициячи қурбон бўлди. Бу терактлар учун расмий Анқара КИПни айблаган.
13 март куни эса Анқара шаҳридаги автобус бекатида автомобиль портлатилганди. Натижада 34 киши ҳалок бўлиб, 125 киши жароҳатланган.