Обама Украина шарқида зўравонликлар кучайиб бораётгани сабабли Путинни чоралар кўришга чақирди
АҚШ президенти Барак Обама россиялик ҳамкасби Владимир Путинга мурожаат қилиб, Украина шарқида тобора кучайиб бораётган зўравонликларга барҳам бериш учун чоралар кўришга чақирган. Икки давлат раҳбарларининг телефон орқали мулоқотига оид хабарномасида шу ҳақда маълум қилинган.
«Украина мавзусида президент Обама Путинни Украина шарқида тобора авж олиб бораётган жанговар ҳаракатларга барҳам беришга қаратилган чоралар кўришга чақириб, Минск келишувларини ҳаётга татбиқ этиш томон ҳаракатланиш зарурлигини уқдирган», — дейилади матбуот хизмати баённомасида.
Владимир Путин ўз навбатида, Украинанинг янги ҳукумати шакллантирилгани муносабати билан, ниҳоят "Киев томони Минск келишувларини босқичма-босқич амалга оширишига умид билдирган", дейилади Кремль сайтида.
Россия давлат раҳбари Донбасс билан бевосита алоқаларни йўлга қўйиш, амнистия эълон қилиш, Конституцион ислоҳот ўтказиш ва Донецк ҳамда Луганск мақоми тўғрисидаги қонунни кучга киритиш, Киев томони амалга ошириши лозим бўлган шартлардир, деб таъкидлаган.
Украина ташқи ишлар вазири Павел Климкин Украина келажакда Донбассдаги қуролли зиддиятга барҳам беришнинг уддасидан чиқишига ишонч билдирган эди.