Ҳаага суди "Юкос"нинг собиқ акционерларига товон тўлаш тўғрисидаги қарорни бекор қилди
Ҳаага округ судининг тан олишича, Россия федерацияси зиммасига "Юкос" нефть компаниясининг собиқ акционерларига 50 млрд. доллар товон пули тўлашни тайинлаган Ҳаага арбитраж суди ушбу ишни кўриб чиқишга ҳақли бўлмаган, деб хабар қилмоқда РИА «Новости» агентлиги.
Қарорга келтирилган изоҳда айтилишича, «Россия қонунчилигини ўрганиб чиққан маҳкаманинг аниқлашича, Россия давлатини "Юкос" билан боғлиқ ишлар каби можаролар бўйича арбитраж маҳкамасига жалб этиш учун, Россия парламенти маъқуллаган ҳуқуқий асос бўлиши талаб этилади».
«Аммо, Россия қонун чиқарувчи органлари Энергетика хартиясига қўшилмагани боис, бундай қонунчилик кенг ёки тор маънода ҳам умуман мавжуд эмас. Шунга кўра, Ҳаага суди, арбитраж аъзолари "Юкос" мурожаати билан боғлиқ ишни кўриб чиқишга хақли бўлмаган, дея хулоса қилади», — кайд этилади ҳужжатда.
Россия томони ҳимоячилари, Ҳаага суди қароридан розиликларини изҳор қилиб, 9 июнь куни Бельгия маҳкамаси ҳам мамлакатдаги Россия мулкига нисбатан жорий қилган ҳибсга олиш чорасини бекор қилишига умид қилмоқдалар.
2014 йил июль ойида Ҳаага арбитраж суди, Россия "Юкос" нефть компаниясининг собиқ акционерларига 50 млрд доллар товон пули тўлаши керак, деган қарор чиқарган эди.
Кейинчалик инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ҳам, Россия ҳам "Юкос"нинг собиқ акционерларига, 2011 йилда кўриб чиқилган мурожаатларига товон сифатида 1,86 млрд евро тўлаши шартлиги хусусида қарор чиқарганди.