Жейми Каррагер: «Орижини жароҳатлаган Мори ғурурланиб «Эвертон» эмблемасини ўпгани жуда аянчли ҳолат эди»
«Ливерпуль» жамоасининг собиқ футболчиси Жейми Каррагер жамоанинг «Эвертон»га қарши ўйини вақтида рақиблар футболчиси Рамиро Фунес Мори томонидан амалга оширилган хунук ҳаракатларга муносабатини билдириб ўтди. Мори ўйиннинг 49-дақиқасида Дивок Орижига оғир жароҳат етказди ва унинг замбилда олиб чиқиб кетилишига сабаб бўлди.
«Эвертон» бу вазиятда 0:2 ҳисобида ютқазаётганди ва бу қўполликдан кейин Мори майдонни тарк этгач, жамоа яна 2та тўп ўтказиб юборди.
«Футболда бундай тўқнашувлар бўлиб туради. Менда ҳам, бошқа футболчиларда ҳам ўйин жараёнида рақибга қарши бундай қўполликлар амалга оширилган. Лекин Мори майдонни тарк этаётганида кўксидаги эмблемани ўпди. Шундан кейин «Ливерпуль» жамоаси яна 2та гол урди. Лекин Мори намойишкорона тарзда нега эмблемани ўпди? «Эвертон» мухлисларига ёқиш учунми?
Биринчидан, бу футболчи яқиндагина «Эвертон»га келганди. Иккинчидан, футболчи олдиндан режалаштириб, рақиб футболчисига азият етказиш нега керак? Мухлислар уни бу иши учун олқишлаши учунми?
Унинг бу ҳаракати туфайли «Эвертон» йирик ҳисобда мағлубиятга учради. Мори эса жамоанинг мавсум якунидаги муҳим учрашувини ўтказиб юборади. У билан бир чизиқда ўйнайдиган Жагелка эса жароҳат олган. Буни била туриб футболчининг қасддан шундай иш қилиши уятлидир. Мори нималар қилди? «Эвертон» мухлисларини бундай абсурд ичида қолдириш керак эмасди», – дейди у.