Нидерландия Тараққиёт банки "Ипак йўли" акционерлик тижорат банкининг 11 фоиз акциясини харид қилади
Нидерландиянинг Тараққиёт банки, "Ипак йўли" АТБ низом жамғармасида 11 фоиз улушни сотиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳақда, review.uz сайти банк таваккалчиликлар менежмент бошқармаси раҳбари Рустамхон Азизовга таянган ҳолда хабар қилмоқда.
Унинг айтишича, АТБ 1997 йилдан бери халқаро молия институтлари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйган. Банк ҳамкорлари орасида, Германиянинг KfW тараққиёт банки, Жаҳон банкининг тузилмавий бўлинмалари, хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорациясини алоҳида қайд этиш мумкин.
Бугунги кунгача, банк 160 миллион доллардан ортиқ хорижий сармояни жалб эта олган. Нидерландия тараққиёт банки билан 35 миллион долларлик заём келишуви сўнгги бор 2015 йил 31 июлида имзоланган эди.
Бундан ташқари, Нидерландия молия муассасаси, «Ипак йўли» АТБ низом жамғармасига сармоя киритиш ниятини ҳам билдирган. Айни вақтда, бу борада музокаралар олиб борилмоқда. 2017 йил биринчи ярим йиллигида битимга эришиш кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирда «Ипак йўли» банки таркибида хорижий сармоядор мавжуд. Осиё тараққиёт банки АТБ низом жамғармасида 13 фоиздан ортиқ акцияга эгалик қилади.