Жамият | 18:31 / 23.04.2016
6496
3 дақиқада ўқилади

Гулбаҳор Эрқулова Озодбек Назарбековнинг жонли ижродаги концертини қоралади

Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков жорий йилнинг 10-20 апрель кунлари “Истиқлол” санъат саройида “Меҳринг сабаб” номли концерт дастурини тақдим этган эди. Ушбу концерт юзасидан фикрларини аниқ ва дадил баён этган Гулбаҳор Эрқулова Qalampir.uz сайтига берган интервьюсида Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековни танқид қилди.

Мақола бошида журналист Озодбек Назарбековнинг концертига боргани, концерт сценарийси жуда бўш тайёрлангани, қўшиқлар устида жиддий ишланмагани, раққосаларнинг саҳна ҳаракатлари ва декорацияларда ҳам камчиликлар кўплигини томошабинга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолаб, концертнинг ярмидан зални тарк этгани, бундай фикрларни фақат журналист эмас, балки концертга борган бошқа ёш хонандалар ҳам айтгани ҳақида келтириб ўтган.

Бир оз аввал Райҳон Ғаниева, Шаҳзода, Лола Йўлдошева ва Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитовани тилга олиб, уларнинг ижодини ҳамин қадар деб баҳолаган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова галдаги аччиқ фикрлари билан Озодбек Назарбековни нишонга олади.

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг суратини Facebook’даги саҳифасига жойлаштириб, Озодбекнинг концерти ҳақидаги мулоҳазаларини ёзиб қолдиради. Доим жонли ижрода куйлашни илгари сурадиган Эрқулова Назарбековнинг жонли ижродаги концерт дастурини қоралайди.

“Концертларда жонли куйлаш қаҳрамонлик эмас, деган фикрлар кўп бўляпти. Албатта, ўзини ва халқни ҳурмат қилган санъаткор жонли куйлаши шарт”, деб ёзади Эрқулова ўзининг Facebook’даги саҳифасида. Хонанда қайд этган бу фикрларни ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам тасдиқлайди.

Шунингдек, хонанда “санъаткорларнинг халқни менсимай кетиши ва концертларда жонли ижрода куйламаслиги”да томошабинларни ҳам айблайди.

“Жонли ижрода бўлсин деб муҳокама қилингани билан фонограммадаги концерт дастурларида зал бўш қолмаётгандан кейин, санъаткорлар ҳам шунга яраша йўл тутиши”ни куюнчаклик билан гапирган Эрқулова “кунига икки сеанс қўйилаётган концертларда ҳам одамлар фонограммани эшитиб кетаётганини, буларга фақат қонун йўли билан чек қўйилмаса, шу алфозда қолавериши”ни айтади.

Мухлислардан бири эса Гулбаҳор Эрқулованинг ушбу фикрларига жавобан: “Жонли ижрода бўлади дейишганига ишониб борган эдик. Концертга кирган одамларнинг 70 фоизини кўнгли совуб кетди. Икки сеанс концерт бераман, деб яхши тайёгарлик кўришмаган. Биринчи қўшиқ тугамай, иккинчисига уланиб кетяпти. Ўртада қарсак чалиш деган нарсалар ҳам йўқ” дея ўз мулоҳазаларини қайд этади.