Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар беришнинг янги тартиби ишлаб чиқилди
Ўзбекистон Республикаси Марказий банк бошқарувининг 2016 йил 16 январдаги 1/10-сонли қарори билан «тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига микрокредитлар бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди ва адлия вазирлигида 2016 йил 3 февралда 2758-сон билан давлат рўйхатига олинди.
Мазкур Низомнинг талаб ва шартлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Тижорат банкларининг инвестициялар портфелини мониторинг қилиш департаменти бошқарма бошлиғи Комил Аҳмедов “Даракчи” газетасига маълумот беради.
— Микрокердит миқдори тадбиркорлик фаолиятини юритиш истагида бўлган қарз олувчининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига қараб фарқланади. Хусусан, қарз олувчи, яъни касб-ҳунар коллежи битирувчиси юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият юритаётган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда берилади, — деди Комил Аҳмедов.
— Юридик шахс ташкил этган ҳолда фаолият юритса, қарз олувчиларга энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваригача миқдорда кредит маблағлари ажратилади.
Тижорат банклари томонидан ажратиладиган имтиёзли кредит маблағлари қайтариш муддатини узайтириш ҳуқуқсиз берилади.
Микрокредит қарз олувчига кредит ажратилаётган лойиҳанинг ўзини ўзи қоплаши ҳисобга олган ҳолда берилиб, муддатлар ана шу жиҳатдан белгиланади.
Жумладан:
Фаолиятни бошлаш учун айланма маблағларни шакллантиришга, инвестиция лойиҳасининг техник иқтисодий асосини ишлаб чиқиш учун 12 ой муддатгача;
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ташкил этиш учун айланма маблағларини тўлдиришга, шунингдек, асбоб-ускуналарни сотиб олишга 2 йил муддатгача;
Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш мақсадида бўлса, микрокредит 3 йилдан ортиқ муддатга берилади.