Жаҳон | 23:40 / 26.04.2016
2009
2 дақиқада ўқилади

Хитой ЕИни Ҳонгконг ишларига аралашмасликка чақирди

Хитой ташқи ишлар вазири расмий вакили Хуа Чуньин 26 апрелда Европа Иттифоқининг Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди ҳисобланадиган Ҳонгконгга нисбатан сиёсатининг танқидини асоссиз деб атади ва Брюсселни Ҳонгконгнинг ишларига аралашмасликка чақирди.

Хитой ташқи ишлар вазирлигининг бундай муносабати ЕИда Ҳонгконг ва Макаонинг 2015 йилдаги сиёсий ва иқтисодий ривожланиши ҳақидаги 18-ҳар йиллик маърузасидан кейин билдирилган. ЕИ ўтган йилни "бир давлат – икки тизим" тамойилининг ишлаши учун сиёсий жиҳатдан мушкул йил деб атади. ЕИ сайловлар тизимининг ислоҳотларидаги муваффақиятсизлик борасида ҳам афсусланиш билдирди.

Бундан ташқари, Брюссель 5 нафар гонконглик ноширнинг йўқолиши бўйича ишни Ҳонгконгнинг асосий қонуни ва "бир давлат – икки тизим" тамойилига "энг жиддий чақириқ" сифатида қараётганини айтди. Маърузада ноширларнинг йўқолиши инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш борасида жиддий хавотирланиш уйғотаётгани айтилган.

"Хитойнинг "бир давлат – икки тузум" тамойилини ўтказиши ҳеч қачон ўзгармайди. ЕИ маърузасида айтилган ноўрин изоҳлар асосларга эга эмас. Биз қатъий норозилигимизни билдирамиз", деб айтди матбуот-анжуманда Хуа Чуньин.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили "Ҳонгконг Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди ҳисобланиши ва у билан боғлиқ барча масалалар Хитойнинг ички иши ҳисобланишини" таъкидлаб ўтди. "Ҳеч қайси давлатнинг аралашишга ҳаққи йўқ. Биз ЕИни ўзининг баёнотлари ва ҳаракатларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш ва Ҳонгконг ишларига аралашишни бас қилишга чақирамиз", деб қўшимча қилди Хуа Чуньин.