Спорт | 10:39 / 27.04.2016
1789
2 дақиқада ўқилади

Гарет Бэйл: «Биз бу ўйинда пенальти тепишга ҳақли эдик»

Мадриднинг «Реал» клуби яримҳимоячиси Гарет Бэйл Европа чемпионлар лигасининг 1/2 финалидаги «Манчестер Сити»га қарши учрашуви (0:0) борасида ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Биз учун энг асосийси гол ўтказиб юбормаслик эди. Меҳмонда гол уришни истагандик, аммо бу амалга ошмади. Ўйин етарлича ёпиқ кўринишда ўтди. Ўйлашимча, бу нормал ҳолат.

Иккинчи бўлимга келиб, жамоалар очиқроқ футбол намойиш этишди. Омадимиз чопмади, чунки ҳакам бир неча маротаба «Манчестер Сити» дарвозаси томон пенальти белгиламади. Ўйиндан қониқиш ҳосил қилдик, энди жавоб учрашувини кутамиз.

Биз «Вольфсбург»га қарши биринчи учрашувдан яхшигина сабоқ олгандик. Бугун биз тартибли ҳаракат қилдик, тезкор гол киритиш учун ҳужумга ўтиб кетмадик. Бизга пенальти тепиш имкониятини беришмади, гол ура олмадик, жавоб учрашувидан олдин бизда яхши имконият мавжуд.

Ҳа, Компани қўполлик ишлатди, аммо биз нима ҳам қила олардик? Ҳакам жуда кўплаб вазиятларни ўтказиб юборди.

Уйда яхши ҳаракат қиламиз, мухлислар бизни қўллаб-қувватлаб туришади. Майдон ҳам каттароқ бўлади ва бундан фойдаланиб гол уришга ҳаракат қиламиз. Жавоб учрашуви оғир кечади, аммо биз ўзимизга ишонамиз», – дея таъкидлади Бэйл.