Хосеп Гвардиола: «Агар «Атлетико» грандлар билан ўйнаса, бу ўйинда ким фаворитлигини билиб бўлмайди»
«Бавария» жамоаси бош мураббийи Хосеп Гвардиола «Атлетико»га қарши ЕЧЛ яримфиналидаги учрашув аввалидан рақибнинг имкониятларига баҳо берди.
«Биз яримфиналда ўйнашимиздан бахтиёрмиз. Бу босқичга етиб келган жамоаларнинг барчаси шу даража учун ҳақли жамоалар. Агар «Атлетико» грандлар билан ўйнаса, бу ўйинда ким фаворитлигини билиб бўлмайди. Бизни ҳаяжонларга тўлиқ кечадиган қарама-қаршилик кутмоқда.
Яхшиямки мураббийлар бир-бири билан эмас, футболчилар ўйнашади. Биз эса қўлимиздан келганича ўйинга таъсир кўрсатамиз, аммо ғолибликка футболчилар эришади.
«Атлетико»да чизиқлар ўртасидаги боғланишлар жуда яхши. Мен бу жамоа билан анча вақтдан бери рўбару келмагандим. «Атлетико»нинг ҳимояси зўр ва фақатгина шу эмас. Майдон марказидаги Коке атрофни жуда яхши кўради ва катта ҳудудни назорат қилади. Улар бўш ҳудудларни ўз вақтида яхши ёпишади ва қаттиқ прессинг қўллашади. Рақиб қарши ҳужумга ўтишда тезкор.
«Атлетико» кейинги йилларда ҳар бир турнирда ғолиб бўлиш учун ўйнамоқда. Бунинг учун барча чизиқларда савияли ўйин кўрсатиш керак. «Атлетико» эса айнан шундай қилмоқда», – дейди мураббий.