БМТда Ҳалабдаги гуманитар вазият "фалокатли" деб айтилди
Ҳалабдаги госпиталга тунги пайт авиазарбалар берилгани ва инсонпарварлик ёрдамининг етказиб берилиши тўсилиши хатарлари сабабли ҳудуддаги вазият "фалокатли" даражага етди, деб айтди БМТнинг Сурия бўйича махсус элчиси махсус маслаҳатчиси Ян Эгелан. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги маълум қилди.
"Мен яқин соат ва кунларда хатарлар қанчалик юқорилигини таърифлашга ҳам ожизман", деб айтди Эгелан ва вазиятнинг жиддийлигига шубҳа қилмаётганини қўшимча қилди.
Эгелан май ойи давомида 35 та қамал қилинган ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларга боришни таъминлашга чақирди.
Аввалроқ Ҳалабдаги "Ал-Қудс" госпиталига авиазарба берилиши оқибатида 27 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди. Госпиталь жангарилар назоратидаги ҳудудда жойлашган бўлган.
Қизил Хоч халқаро қўмитасининг Женевадаги вакили Валтер Гроснинг айтишича, Ҳалабдаги одамлар гуманитар фалокат ёқасида яшамоқдалар. "Қаерда бўлманг, миномёт снарядлари портлаши ва бошингиз узра учиб ўтаётган самолётлар овозини эшитасиз. Шаҳар ёнидаги барча нарса вайрон бўлган. Одамлар ўз ҳаётлари учун қўрмоқдалар, ҳеч ким эртага нима бўлишини билмайди", деб айтиб ўтди Грос.