Жамият | 22:50 / 29.04.2016
8969
2 дақиқада ўқилади

"Макдоналдс" дунёнинг энг хавфли шаҳарларидан бирида ўз ресторанини очди

"Макдоналдс" ресторанлари тармоғи Покистоннинг Кветта шаҳрида ўзининг ресторанини очди. Бу шаҳарнинг аҳолиси "Толибон" террорчилик гуруҳига рўйхушлик қилиши билан танилган. Бу ҳақда 29 апрелда NBC News телеканали хабар берди

Тамаддихонадаги таомларнинг барчаси ҳалол таомлардир. Таомномада макмафин – тухум ва котлетли бутерброд ҳам бор, бироқ унда чўчқа гўшти ўрнига товуқ гўшти ишлатилган.

Телеканал мухбири макарабия гамбургери (ёпган нон ва мол гўшти котлетидан тайёрланган сендвич), фри картошкаси ва ичимликдан ташкил топган ўртача тўплам 5 доллардан камроқ туришини аниқлади.

"Мен "Макдоналдс" очилганини билдим, бироқ биз у ерда ҳеч қачон овқат емаймиз. Биз ҳаттоки у ердаги таомни ўзимизга егулик деб ҳам ҳисобламаймиз. Биз кескин, тоғли ҳудудда яшаймиз ва душман билан курашиш учун ҳақиқий қувватга эҳтиёжмандмиз", деб айтди "Толибон" дала қўмондонларидан бири Эҳсонуллоҳ Эҳсон. Унинг айтишича, гуруҳ жангарилари қўй гўшти ва гуручни афзал кўришади.

Толиб бир марта "Макдоналдс"да тамадди қилганини, бироқ бу "жуда қиммат ва бемаза" бўлгани қўшимча қилиб ўтди. Бироқ у "тез тайёрланувчи таом шошилинч пайтда бошқа яхши егулик бўлмаганда тўғри келишини" тан олди.

Кветта Покистоннинг Балужистон вилояти пойтахти ҳисобланади. Бу шаҳарда ўтган асрнинг 80-йилларида толибларнинг таъсири жуда кучли бўлган. Шаҳар аҳолиси ҳали ҳам толибларга рўйхушлик қилади, деб ҳисобланади.

2015 йилда The Independent нашри Кветтани террорчилик ҳужуми юз бериш эҳтимоли юқори бўлган дунёнинг 10 та шаҳри қаторига қўшганди. Телеканалнинг маълум қилишича, "Макдоналдс" тамаддихонаси полиция кучайтирилган назорат олиб борувчи шаҳарнинг марказий туманида очилган.

Мавзуга оид