ИШИДчилар кимнинг халифалари? (1-қисм)
Суриянинг ўзида неча юз минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмдилар. Миллионлаб кишилар ногирон бўлдилар. Неча миллионлаб бегуноҳ инсонлар ўз юртларини тарк этиб, сарсон-саргардон бўлдилар. Норасида болалар оч ва яланғоч қолдилар.
Ўз юртларини тарк этган аҳолининг бир қисми чўл бўйлаб, бошқа бир қисми денгиз бўйлаб кетишга мажбур бўлдилар. Бунинг оқибатида ҳам неча минглар норасида гўдаклар, ожиза аёллар вафот топиб кетдилар. Гуркираб, яшнаб турган шаҳар таниб бўлмайдиган даражада харобага айланди. Қанча-қанча таълим даргоҳлари ёндириб юборилди, масжиду мақбаралар портлатиб юборилди ва ҳоказо... Бу “Ислом давлати қуриш”, “халифаликни қайта тиклаш” каби жимжимадор шиорлар билан лоф урган Ислом душманларининг “хайрли ишларини” санаб адоғига ета олмайсиз. Аслида бу “хайрли ишлари” динимизга буткул зид эканлигини аҳмоқ киши ҳам билади.
Маълумки, “халифа” дегани “ўринбосар” деган маънони билдиради. Бу қонхўр кимсалар “халифалик” деб аслида кимга ўринбосарлик қилишмоқда. Бутун оламларга айни раҳмат бўлиб юборилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар бўлишни ният қилмаганликлари аниқдир. Демак, улар ё Ер юзида инсонларга ёмонлик, бузуқлик қилишга чорлайдиган шайтоннинг ёки ўтмишда ўтган Фиръавн (алайҳил лаъна)нинг ёки золим бўлган кимсаларнинг ёки кўринмас учинчи қўлнинг ўринбосарлари десак муболаға қилмаган бўламиз.
Айни ушбу мақолани ёзишдан ИШИДнинг қилган ва қилаётган ишлари Ислом динига буткул ёт эканини ва уларнинг жирканч амаллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, ҳадислари, амалларига умуман зид эканини баён қилишни мақсад қилдик.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга раҳмат бўлиб юборилганларини ифодаловчи бир неча ҳадисларни зикр қилиб, ҳар бир ҳадиснинг ортидан ИШИДчиларнинг қилган жирканч жиноятларини келтириб ўтилади. Натижада қай даражада Ислом динига зид ва қарама-қарши эканини ўзингиз билиб оласиз, Худо хоҳласа.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِلْعَالَمِينَ
“(Эй, Муҳaммaд,) биз сизни (бутун) oлaмлaргa aйни рaҳмaт қилиб юбoргaнмиз. (Анбиё: 107).
Ушбу оятдаги (رَحْمَةً) – (роҳматан) калимаси масдар бўлиб, маънони таъкидлаш, кучайтиришни ифодалагани учун ҳам (роҳматан) калимасини “айни раҳмат”, “бутунлигича раҳмат”, “ҳақиқий раҳмат”, деб таржима қилинади.
(العَالَمِينَ) - (ъаламийн) калимаси эса, кўплик шаклида бўлиб, Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсани ўз ичига олади. Жумладан: фаришталар, инсонлар, жинлар, ҳайвонлар, ўсимликлар ва жонсиз нарсалар олами ва ҳоказо...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умуман олганда барча оламларга; фаришталар олами, жинлар олами, инсонлар олами, ҳайвонот, ўсимликлар, жонсиз нарсалар оламига, хусусан, мўминларга, кофирларга, мунофиқларга, аҳли оилаларига, фарзандларига, эркагу аёлларга, ёшларга, етим-есирларга, заифҳолларга, тоинки барча махлуқотларга раҳмат бўлганлар.
ИШИДчи газандалар қилаётган золимликлари оқибатида миллионлаб бегуноҳ инсонлар сарсон-саргардон бўлди. Норасида болалар оч ва яланғоч қолди. Масалан, яқинда телевидение орқали берилган хабарда, саҳро ва чўлларда 1 миллион 800 минг одам, айниқса, оч-наҳор болалар чодирларда аянчли ҳолатда кун кечираётгани кўрсатилди. Бир муштипар она, бу ҳолатдан куйиниб: “Ҳозир ҳаво яхши, эртага қиш келса, ҳолимиз не кечади”, - деб зорланмоқда. (Айдарбек Тўлеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби, 14-бет).
Муштипар онанинг айтган гапларини эшитиб этларингиз жунжикиб кетади. Онанинг изтиробли қалбидан отилиб чиқаётган бу гаплар албатта кўзининг оқу қораси, жигарпораси бўлмиш фарзандларини ўйлаганидан, уларга хавотир бўлиб, ҳоли не кечишини билмай боши қотганидан даракдир. Она боласи учун нималар қилишга тайёр эканини биламиз. Ўз жонини гаровга қўйиб бу дунёга келтирган фарзандининг ҳаётини сақлаб қолишга ўз бор будини беради. Ўзини жонини қурбон қилади. Уларни бу кўйга солган, бундай қийинчиликлар гирдобига тортган кимсалар, албатта – ИШИДчилардир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен намозни ўқимоқчи бўлиб бошлайман-да, гўдак йиғисини эшитиб қолсам, йиғиси сабабли онасининг қаттиқ изтиробга тушишини билганимдан, намозни енгил қиламан”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Оламларга раҳмат бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ибодатида ҳам ҳаттоки онанинг риоясини қилмоқдалар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшларни хурсанд қилиш, эркалатиш, улар билан ўйнашишни яхши кўрардилар. Ёшларга жуда меҳрибон эдилар.
Ойша онамиздан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алининг икки фарзанди Ҳасан ва Ҳусайнни ўпдилар. Ҳузурларида Ақроъ ибн Ҳобис Тамимий бор эди. Бу ҳолатни кузатиб турган Ақроъ: “Менинг ўнта фарзандим бор. Лекин мен уларнинг бирортасини ҳечам ўпмаганман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қараб: “Ким раҳм қилмаса, унга ҳам раҳм қилинмайди”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
ИШИДчилар ёш гўдакларга раҳм қилиш у ёқда турсин, бу бечора гўдакларни оталарию меҳрибон оналаридан жудо қилиб тирик етимларга айлантириб, улардан ўзларига ўхшаган қузғунларни тайёрлашмоқда.
Кўз қорачиғи, қалб қувончи, жаннат райҳони, дея ардоқланадиган беғубор болажонларни ИШИД қузғунлари “Жаннат қушчалари” дея атаб, ўз манфур мақсадларини амалга ошириш учун уларнинг белларига портловчи моддаларни боғлаб, алдаб, одамлар гавжум жойларга юбориб, қўпорувчилик воситаси сифатида портлатиб юборишмоқда. (Айдарбек Тўлеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби, 76-бет).
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтадилар: “Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб: “Сизлар ёш гўдакларингизни ўпар экансизлар, биз эса, уларни ўпмаймиз”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ахир, Аллоҳ таоло сенинг қалбингдан раҳм-шафқатни чиқариб ташлаган бўлса, менинг қўлимдан нима ҳам келарди?”, дедилар”.
Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аъробийнинг фарзандларини шу кунгача ўпиб эркалатмагани учун қалбида раҳм-шафқат олиб ташланганини айтмоқдалар. Ана энди тасаввур қилиб кўринг. ИШИДчилар қилаётган бу разил ишларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрганларида нима деб айтган бўлардилар. Бундай бузғунчиларни ўз умматлари қаторига қўшармидилар?!
Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо ёшларни шодлантириб, уларни хурсанд қилишга қизиқардилар. Ҳузурларига мевалардан илк пишганлари келтирилса, олдиларидаги ёшларга тарқатардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига мевалардан илк пишганлари келтирилса, ундан олиб кўзларига кейин лабларига қўйиб: “Ё, Аллоҳ бунинг аввалини кўрсатганингдек, охирини ҳам кўрсатгин”, деб дуо қилардилар. Кейин меваларни ҳузурларидаги ёшларга тарқатардилар” (Имом Табароний ривояти. Ушбу ҳадисни Ибн Синний Абу Ҳурайрадан ривоят қилган).
Бугун ИШИДчиларнинг урушлари сабабли қанчадан қанча болалар етим қоляпти, қанчаси қурбон бўляпти. Жиноятчиларни бу норасидаларнинг уволи тутмайдими? Уларнинг дарё-дарё қонлари, кўз ёшлари жангариларнинг икки дунёсини куйдириб юбормайдими? (Айдарбек Тўлеповнинг “ИШИД фитнаси” китоби, 76-бет).
(Мақоланинг 2-қисмини ушбу ҳавола орқали ўқишингиз мумкин)
Манбалар асосида Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
Ғиёсиддин БАРАТОВ тайёрлади.
Манба: Muslim.uz