Жаҳон | 20:31 / 04.05.2016
4923
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Нидерландлар террорчилар рўйхатига 9 ёшдан ошган болаларни қўшишни бошлайди

Нидерландлар 9 ёшдан ошган гумондор шахсларни террорчилар рўйхатига киритишни бошлайди. Бу ҳақда Нидерландия Умумий разведка ва хавфсизлик хизмати (AIVD) сайтига асосланиб Volkskrant газетасида хабар қилинган.

Разведка хизмати маълумотларига кўра, ИШИД ўз назорати остидаги ҳудудларда истиқомат қилувчи болаларни айнан 9 ёшидан ҳарбий ва диверсион тайёргарликка жалб қила бошлайди.

«Уларга отиш, совуқ қуролдан фойдаланиш ва ўлдириш ўргатилади, шу ёшдан улар ИШИД раҳнамоси Абу Бакр ал-Бағдодийга бўйсунади», — деди хизмат вакили.

Қўшимча қилинишича, бу ҳудудларда қизлар айнан 9 ёшдан паранжига кириб, эркакларга ҳарбий тўқнашувларда ёрдам беришга ўргатилади.

Нидерландия разведка хизмати раҳбари берган охирги маълумотларга кўра, мамлакат ҳудудидан 70 нафар вояга етмаган бола ИШИД сафига бориб қўшилиш учун Сурия ва Ироққа кетган. ИШИД сафида айни кунларда 70 нафар ўсмирлардан ташқари, ёши катта 170 нидерландиялик бор.

Агар улар ортга қайтадиган бўлса, қироллик ҳукумати уларга қайд этиш рақами бериб, уларни террорчилар рўйхатига киритади. Улар ҳақидаги ахборот Европанинг бошқа давлатлари хавфсизлик хизматларига ҳам тақдим этилади.

Сурияда 2011 йилнинг мартидан буён қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, бу низолар туфайли ҳалок бўлганлар сони 220 минг нафардан ортган. 

ИШИД жангарилари болалар учун лагерлар тузган. Болалар қатлларни ижро этишга ва терактлар содир қилишга тайёрланади.

2016 йилнинг февралида экстремистлар ижтимоий тармоққа ўспирин ёшидаги жангари маҳбусни қатл қилаётгани тасвирланган видеони жойлаштирганди. 2015 йилнинг июлида тарқатилган бошқа видеода эса 12-13 ёшларда бўлган 25 нафар бола Пальмирада 25 нафар асирни ортдан туриб ўққа тутгани тасвирланганди. Бу қатл маросимини атрофда ўнлаб бошқа жангарилар кузатиб туришган.

Мавзуга оид