Жамият | 16:41 / 06.05.2016
16976
2 дақиқада ўқилади

Андижонлик электромобил ихтирочиси моддий қийинчилик туфайли ўқишни ташлаган

Бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда Андижон машинасозлик институти талабалари «Қалдирғоч» номли электромобил яратгани ҳақида фотохабарлар пайдо бўлган эди. Электрокар ихтирочиси 27 ёшли Ойбек Умаров таълим шартномаси тўловини тўлай олмагани учун олий ўқув юртидаги ўқишини давом эттира олмаганини билдирди. Бу ҳақда UZ24 хабар қилди

Ойбек Умаров 1989 йили Андижонда туғилган, 2008 йили Андижон компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежини тамомлаган. 

Унинг ўзи айтишича, у бир неча бор Андижон машинасозлик институтига шартнома асосида қабул қилинган. Бироқ оғир моддий аҳволи туфайли ўқишини якунлай олмаган. Олий маълумот олиш унинг ушалмаган орзусига айланган. 

Ойбек оилада уч фарзанднинг орасида бири ўғил фарзанд. Отаси иккинчи гуруҳ ногирони. Онаси бандликка кўмаклашиш марказида ишлайди. Ойбекнинг ўзи эса АндМИда лаборант бўлиб ишлайди. 

Омма ўртасида машҳур бўлиб кетган электрокар – ҳисоб бўйича Умаровнинг 3-ихтироси ҳисобланади. 2013 йилдаёқ у “Қалдирғоч” номли металлик профилдан электромобил прототипини ишлаб чиққан. Автомобил аккумулятори 4 соатда қувватланади ва 100 километр масофани босиб ўта олади. “Қалдирғоч”нинг максимал тезлиги соатига 50 километрни ташкил этади. 

2015 йилда Умаров қуёш батареяларида ҳаракатланувчи автомобил ҳам ишлаб чиққан. Унинг бу ихтироси ҳақидаги тафсилотлар маълум қилинмаган.

Мавзуга оид