Норвегия ҳукумати кучли давлат сиёсати, ривожланган инфратузилма ва жамоатчилик қўллаб-қувватлови билан иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича жиддий мажбуриятларни ўз зиммасига олган, деб ёзмоқда DW нашри. Ослонинг мақсадига кўра, 2025 йил охиригача мамлакатда сотиладиган енгил автомобилларнинг бирортаси атмосферага чиқинди чиқармаслиги керак. Таққослаш учун, Европа Иттифоқи худди шундай мақсад муддатини 2035 йилга белгилаган (Норвегия иттифоққа аъзо эмас).

Норвегиянинг муваффақият сири — бойлиги, кам сонли аҳолиси ва давлат томонидан кучли рағбатлантириш чораларида

Ушбу Скандинавия давлатининг фаровонлиги ва майдони, шубҳасиз, унда электромобилларни жорий этиш муваффақиятига ўз ҳиссасини қўшган. Норвегияда 5,5 миллион киши истиқомат қилади ва у Россиядан кейин Европадаги энг катта нефт захиралари шарофати билан бойиган давлатлардан бири ҳисобланади. Бироқ мазкур омилларнинг ўзи бу соҳадаги улкан ютуқларни тўлиқ изоҳлаш учун етарли эмас.

Ослода жойлашган Халқаро иқлим тадқиқотлари маркази (CICERO) катта илмий ходими Робби Эндрюнинг фикрича, Норвегия ҳукумати электромобилликни ривожлантиришга ўн йиллардан бери интилиб келаётгани ҳал қилувчи омил бўлди.

“1990 йиллардаёқ Норвегия электромобиллар ишлаб чиқариш учун компания яратишга ҳаракат қилган”, — деб эслатди Эндрю DW нашрига берган интервьюсида. У маҳаллий автомобил саноатида кучли лобби йўқлиги ушбу ташаббусларга туртки бўлганини таъкидлади.

Электромобил ишлаб чиқаришга дастлабки уринишлар чекланган тижорий муваффақиятга эришган, бор-йўғи бир неча минг машина сотилган бўлса-да, улар кенг жамоатчиликни электромобиллар аҳамияти ҳақида хабардор қилишга ва унинг муҳимлигини тан олишга ҳисса қўшди. Бу эса Tesla ва Volkswagen сингари жаҳон ишлаб чиқарувчиларининг электромобиллари кенг тарқалишига замин яратди.

Солиқ имтиёзлари ва ҳаракатланиш қулайлиги электромобиллар оммалашишига ёрдам берди

Қулай давлат сиёсати, шубҳасиз, электромобилларга ўтиш муаммоларини юмшатишга кўмаклашган. Норвегия электромобилларни сотишда қўшилган қиймат солиғи ва импорт божларини ундирмайди. Одатда бундай солиқлар янги автомобил нархининг камида учдан бир қисми, максимал ярмини ташкил этиши мумкин. Электромобил эгалари пуллик йўллар ва автотураргоҳлар учун тўловлардан ҳам озод этилган. Улар ҳатто Осло ва унинг атрофида автобуслар учун мўлжалланган йўлаклардан фойдаланиш имкониятига эга. Солиқ имтиёзларидан энг кўп манфаат кўрганлар даромади юқори норвегияликлар бўлиб, кўпинча бундай оилалар иккинчи автомобил сифатида электромобиллар сотиб олмоқда.