Жаҳон | 09:09 / 07.05.2016
11407
2 дақиқада ўқилади

Обама АҚШдаги сайловчиларни Трампнинг биографиясини яхшилаб ўрганиб чиқишга чақирди

АҚШлик сайловчилар АҚШ президенти лавозимига номзодлик қилаётган миллиардер Дональд Трампни қўллаб-қувватлашдан аввал яхшилаб ўйлаб кўришлари керак, деб айтди Оқ уйда АҚШ президенти Барак Обама. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Обама Трампда "синчковлик билан ўрганиш керак бўлган анча жиҳатлар борлигини" айтди. Унинг айтишича, сайловчилар Трампнинг аввал айтган сўзларини жиддий қабул қилишлари лозим.

Обаманинг таъкидлашича, давлат раҳбари зиммасига жуда катта жавобгарлик тушади. "Президент лавозими – кўнгилхушлик ёки реалити-шоу эмас", деб айтди Обама. Обаманинг фикрича, ОАВ "уруш билан", ёки "бошқа давлатлар билан жуда муҳим алоқаларни барбод қилиш", ёхуд "молия тизимини синдириш" билан таҳдид қиладиган номзодларнинг сўзларини батафсил ёритишлари керак.

Обама нафақат Трампни, балки бошқа номзодларни ҳам "микроскоп остида синчковлик" билан текшириш кераклигини айтди. Обама америкаликларда "яхши ҳис, яхши сезгилар" борлигига ва улар ноябрдаги сайловларда энг муносиб номзодга овоз беришларига ишониши айтди.