Арманистондаги қуролли гурухлар томонидан Озарбайжоннинг қадимий тарихий ва маданий маркази бўлмиш Шуша шаҳри оккупация қилинганлигига 24 йил бўлди. 1992 йилнинг 7-8 май кунлари 250 йиллик тарихга эга, Қорабоғ ўлкасида Панах Али хон томонидан асос солинган Шуша шаҳри ер юзидан деярли супуриб ташланди. Шаҳарнинг оккупация қилиниши оқибатида озарбайжон миллатига мансуб 23 минг 156 нафар аҳоли киндик қонлари тўкилган маконларидан ҳайдаб чиқарилди. 12 майдан бошлаб қуролли гурухлар шахардаги тарихий-меъморий, санъат ва диний ёдгорликларни бузиб ташлади. Шу тариқа шаҳар вайронага айланди. Қуролли тўқнашув оқибатида 197 шушалик ҳалок бўлди. 300 киши жарохат олди. Шу тариқа Тоғли Қорабоғда миллий тозалаш жараёнлари бошланди.

Қорабоғ хонлигининг юрагида жойлашган Шуша 1751 йилдан 1797 йилга қадар форс шоҳлари томонидан истило қилинган бўлишига қарамай асло таслим бўлмаган эди. 19-20 асрларда маҳаллий аҳолини кўчириш сиёсати олиб борилди. Бунинг натижаси ўлароқ минтақага арман миллатига мансуб аҳоли кўчириб келтирилди, улар ўз навбатида бу ерда қадимдан арманлар истиқомат қилиб келганини исботлашга уринишди.
Жаҳонда ҳар бир тоши, ҳар бир кўчаси мусиқа билан қоришиб кетган шаҳарлар камдан кам топилади. Биз бу борада Австрия пойтахти Венани, Италиянинг Неаполь шаҳрини тилга оламиз. Озарбайжоннинг Шуша шаҳрини ҳам мана шу икки шаҳар қаторига қўшиш мумкин. Таҳлилчилар Шушани Озарбайжон шеърияти ва мусиқасининг бешиги ҳамда ибодатхонаси, “Кавказ консерваторияси” деб аташади. Айнан шу шаҳарда озарбайжон мусиқа саньатининг дурдонаси бўлмиш “муғом” (мақом) туғилган.
Машҳур шоир Самад Вурғуннинг сўзлари билан айтганда, Озарбайжоннинг деярли барча машҳур шоир ва машшоқлари Шушада туғилиб вояга етишган. Қадимий даврлардан то шу кунга қадар Шушалик истеъдодли мусиқачилар озарбайжон мусиқасини нафақат ўз ватанларида, балки бутун дунёга намоён қилдилар. Шуша ва муғомни озарбайжонликлар бир-биридан асло ажратишмайди. “Агар сен муғом айтишни билмасанг, ўзингни Шушалик деб айта олмайсан” ёки “Шушаликлар йўргакданоқ муғом оҳанглари остида йиғлайдилар” дейишади озарбайжонликлар. Шу сабабли ҳам Шушани “куйловчи шахар” деб аташади. Шушалик хонандаларни нафақат Озарбайжонда, балки минтақадаги бошқа мамлакатларда ҳам ҳурмат қилишарди, эъзозлашарди.

Дархақиқат XVIII —XIX асрларда Шушада машҳур хонандалар томонидан ташкил этилган буюк муғом мактаблари фаолият юритган. Бу мактаблар нафақат Кавказда, балки бутун Яқин Шарқда машхур бўлган. XVIII асрда айнан Шушада машҳур шоир Мулла Паноҳ Воқиф яшаб, ижод қилган. Унинг ижоди Озарбайжон адабиёти ва мусиқаси ривожига улкан ҳисса қўшган. Шоирнинг шеърлари халқ томонидан қўшиқ қилиниб, куйланди.


















