Жамият | 11:53 / 12.05.2016
6416
1 дақиқада ўқилади

Лукашенко ва Бердимухамедов ёмғир ёғиб турган вақтда арчани суғоришди

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов Беларусга ташрифи вақтида фахрий меҳмонлар учун ташкил этилган хиёбонда арча ўтқазган. Бу ҳақда «БелТА» хабар тарқатди.

«Туркманистон президенти Гурбангули Бердимухамедов Мустақиллик саройи ҳудудидаги Фахрий меҳмонлар хиёбонига арча ўтқазди», — дейилади Беларусь давлат ахборот агентлиги хабарида.

Арчани ўтқазиш маросимида икки давлат раҳбари иштирок этган.

Бу жараён тасвирланган фотосуратда мезбон Александр Лукашенко Туркманистон раҳбари билан биргаликда ўтқазилган арчага сув қуяётгани тасвирланган.

Бу вақтда эса ёмғир қуйиб турган ва президентларни ортда турган қўриқчилар ёмғирдан ҳимоя қилувчи соябон тутиб туришган.

Бу сурат интернетда тарқалгач, кўпчилик фойдаланувчилар президентларнинг ёмғир вақтида арчани суғорганига истеҳзо билан муносабат билдиришган.