Petrobras нефть компанияси 6,75 миллиард долларлик облигацияларни савдога чиқарди
Бразилиянинг нефтгаз гиганти Petrobras компанияси, беш ва ўн йиллик корпоратив облигацияларни қимматбаҳо қоғозлар бозорига чиқариш йўли билан 6,75 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб этишнинг уддасидан чиқди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги.
Компания, мамлакат президенти Дилма Русефнинг вақтинчалик вазифасидан озод этилиши билан якунланган коррупция можаросидан сўнг, инвесторларнинг диққат-эътиборида тургани боис, йирик фоиз ставкаларини ваъда қилди.
Petrobras фонд бозорига 5 млрд долларга тенг 5 йиллик облигацияларни 8,625 фоиз ҳамда 1,75 миллиард доллар миқдоридаги 10 йиллик облигацияларни 9 фоизлик устама билан сотувга чиқарган.
Қайд этиш жоизки, компания 2015 йил июнь ойидан бери биринчи маротаба халқаро молия бозорига ўз қимматбаҳо қоғозларини жойлаштирмоқда. Бундан ташқари, Petrobras 2018 йилда тўлаши керак бўлган 3 млрд долларлик қоғозларини қайтариб сотиб олади. Мазкур битимларни Banco do Brasil SA, Bank of America Corp, JPMorgan Chase ва Santander молия муассасалари томонидан амалга оширилган.
Petróleo Brasileiro (Petrobras) компанияси айни чоғда жаҳон нефть компаниялари орасида энг қарздори ҳисобланади. Нефтнинг арзонлашуви эса, мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий инқироз туфайли давлат компанияси молиявий аҳволига янада жиддий салбий таъсир кўрсатди. 2014 йили Petrobras’даги коррупция тизими фош этилгани унинг обрўси ва ўрнига зарба берди. Petrobras тузилмаларида кўпмиллиардлик коррупция схемасига алоқадорлиги сабаб, мамлакат президенти Дилма Русеф ҳам вазифасидан вақтинча четлатилди.