Навоий вилоятида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деб номланган фестивал ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб Навоий вилоятида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” дўстлик ва маданият фестивали ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Байналмилал маданият маркази, Навоий вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги миллий маданият марказлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирок этди.
Навоий вилоятида 9 миллий маданият маркази фаолият юритиб, турли миллат вакилларининг ўз тили, урф-одати, анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, бойитиш ва ривожлантиришга хизмат қилаётир.
Фестивалда миллий маданият марказлари бадиий жамоалари ижросида Ватан, истиқлол, тинчлик, дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.