Ўзбекистон | 22:22 / 20.05.2016
8452
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Корея Республикаси Бош вазири билан расмий учрашув ташкил этилди

20 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан билан расмий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболига оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. Шунингдек, музокараларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб, ўзаро ҳамкорлик кўлами барча соҳаларда кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан Жанубий Кореяда Ўзбекистон билан  муносабатларни кенгайтиришга устувор йўналиш сифатида қаралишини алоҳида қайд этди.

Шу куни Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси Бош вазирлари Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи қурилиши ишларининг бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

Мазкур даргоҳ мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ва ўзаро дўстона ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.

2017 йилда қуриб битказилиши мўлжалланаётган Корейс маданияти ва санъати уйи корейс халқининг бой маданияти ва ўзига хос санъати, урф-одатлари ва анъаналарини сақлаш ва тарғиб қилиш учун қулай замин яратади.

– Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Тошкентда Корейс маданияти ва санъати уйи барпо этилиши мамлакатингизда корейс миллатига мансуб фуқароларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир, – деди Корея Республикаси Бош вазири Хван Гё Ан. 

Расмий ташриф чоғида Хван Гё Ан Темурийлар тарихи давлат музейида бўлиб, Соҳибқирон ва унинг авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи ноёб экспонатлар билан танишди.