Жаҳон | 18:58 / 27.05.2016
10683
2 дақиқада ўқилади

Медведев Ғарб санкциялари узайтирилишига жавоб қайтариш бўйича кўрсатма берди

Россия бош вазири Дмитрий Медведев Ғарб мамлакатларининг Россияга нисбатан санкцияларни 2017 йил охирига қадар узайтириши эҳтимолига тайёрланиш ва зарур вариантлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди.

"Мен санкциялар 2017 йил охиригача узайтирилишга тайёрланиш учун кўрсатма бераман. Бу борада президенга мурожаат қилинади ва ҳукумат қарори асосида зарур чоралар кўрилади", деган Медведев.

У ҳукуматга озиқ-овқат эмбаргосини 2017 йил охирига қадар узайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни топширди. 

Бундан олдинроқ, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон G7 вакиллари Японияда ўтган саммитда июнь ойида Россияга қарши санкцияларнинг узайтирилиши ҳақида келишиб олишгани ҳақида хабар берганди.

G7 етакчилари Қрим қўшиб олингандан сўнг Россияга нисбатан амал қилаётган санкцияларни сақлаш юзасидан фикр билдирган.

«Биз Россияга қарши санкцияларнинг узайтирилиши Москванинг Минск келишувини тўлиқ бажариши ва Украина суверенитетини ҳурмат қилиши билан боғлиқ эканлигини тасдиқлаймиз. Россия зиммасига олган мажбуриятларни тўлиқ бажаргандан сўнг санкциялар бекор қилиниши мумкин. Шу билан бир пайтда агар Россиянинг ҳаракатлари шуни талаб этса, биз бундан кейин ҳам чекловчи чораларни жорий этишга тайёрмиз», — дейилган декларацияда.

Шунингдек, G7 мамлакатлари Россия билан музокараларни давом эттиришнинг муҳимлигини тан олган.

Декларацияда G7 раҳбарлари Украинадаги инқирозни халқаро ҳуқуққа риоя этган ҳолда дипломатик йўл билан тартибга солиш зарурлигини тасдиқлагани таъкидланган.