АҚШда ҳайвонот боғида қафасга кириб қолган болани қутқариш учун ундаги горилла отиб ташланди
28 май куни АҚШнинг Огайо штатидаги Цинциннати шаҳри ҳайвонот боғида 3 ёшли ўғил бола горилла қафасига кириб қолди. Гориллалардан бири, 17 ёшли Харамбе лақабли горилла болани кўтариб олиб, 10 дақиқача шу алфозда юрган. Боғ директори Тейн Мэйнарднинг айтишича, болани қутқариш учун ходимлар гориллани отишларига тўғри келган. Болакай эса кичик жароҳатлар билан шифохонага етказилган.
Мэйнарднинг таъкидлашича, 180 кг дан оғирроқ горилла тўсиқ остидан ўтиб, қафас ичидаги сувли ўрага тушиб кетган болакай ҳаётига ҳақиқий хавф солган эди. Ухлатувчи воситаларнинг қўлланиши тезда таъсир қилмаслиги боис, боғ ходимлари уни ўлдиришга қарор қилишган. "Улар мураккаб, бироқ тўғри қарор қабул қилишди. Бизда бундай вазиятларда қандай йўл тутишимиз ҳақида йўриқнома бор ва биз у бўйича ҳаракат қилдик. Биз аввал бундай ҳодисага дуч келмагандик", деб айтди Мэйнард.
"Харамбе яхши "йигит" эди. Биз ундан насл олмоқчи эдик", деб афсус билан қўшимча қилди боғ директори.
29 май куни ҳайвонот боғи ишчи тартибда ўз ишини давом эттирадиган бўлди.
Худди шунга ҳодиса Чили пойтахти Сантьяго ҳайвонот боғида бир ҳафта олдин юз берганди. Ҳайвонот боғига ташриф буюрган 20 ёшли йигит ўз жонига қасд қилиш мақсадида шерлар қафасига ўзини ташлаганда уни шерлар ҳамласидан қутқариш учун 2 та шерни отиб ташлашга тўғри келганди.