Спорт | 14:13 / 01.06.2016
7273
2 дақиқада ўқилади

Экватор Гвинеяси билан ўйин учун сотилган чипталарни қайтариш шартлари маълум қилинди

Ўзбекистон Футбол Федерацияси миллий терма жамоанинг Экватор Гвинеясига қарши ўртоқлик ўйини учун сотилган чипталарни қайтариб олади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар берди.

Бунинг учун чипта сотиб олишга улгурган футбол мухлислари аввалига банк номига ариза ёзиши, кейин эса далолатнома тузишда иштирок этиши, сотиб олган чиптасини қайтариши ва албатта прописка маълумотини кўрсатгани ҳолда паспорт нусхасини тақдим этиши талаб этилади.

ЎФФ расмий сайти сотиб олинган чипталар пули қай тартибда қайтарилишига ойдинлик киритмаган. Бироқ 2 июнь кунги учрашув қолдирилгани ҳақидаги хабарида ЎФФ сотилган чипталарни қайтариб олиш масъулиятини ўз бўйнига олиши маълум қилинган.

Ўзбекистон ва Экватор Гвинеяси терма жамоалари ўртасидаги ўйин чипталари 28 май кунидан бошлаб сотувга чиқарилган бўлиб, чипталар нархи барча категориялар учун 15 минг сўм, CIP категория учун эса 30 минг сўм қилиб белгиланганди. Учрашув бекор қилингани ҳақида 31 май куни эълон берилди.

Чипталар сотувга чиқарилганида, уларни харид қилиш учун паспорт маълумотлари сўралмаганди. Чипта пулини қайтиб олишда эса қуйидаги маълумотлар талаб қилинди:

1. Хизмат кўрсатувчи банкнинг транзит ҳисоб рақами (Банкнинг МФО коди ва СТИРи) кўрсатилган ҳолда ўрнатилган тартибда ариза ёзилади.
2. Чиптани қайтиб олиш ҳақида далолатнома тузилади. Далолатнома «Бунёдкор» стадиони маъмурияти томонидан тайёрланади;
3. Прописка маълумотлари кўрсатилгани ҳолда паспорт нусхасини тақдим этилади;
4. Сотиб олинган ўйин чиптаси тақдим этилиши керак.