Жамият | 20:28 / 02.06.2016
11119
5 дақиқада ўқилади

Гиёҳванд моддаси олиб ўтмоқчи бўлган раҳбар қўлга олинди 

1968 йилда туғилган Раҳим Юнусов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотли, икки нафар фарзанднинг отаси ҳамда раҳбар лавозимидаги обрўли киши бўла туриб, ўйламай босган қалтис қадами туфайли боши хам бўлди.

Раҳим анчадан буён шаҳар ташқарисидаги баҳаво жойлардан ҳовли-жой сотиб олишни ният қилиб юрганди. Таниш билишларидан суриштирганди, ниҳоят, у излаган жойнинг дараги чиқди. 2015 йилнинг декабрь ойи ўрталарида  у Тошкент вилояти Пискент туманига ҳовли кўриш учун боради. 1953 йилда туғилган Абдурашид Маҳмудов сотмоқчи бўлган 15 сотихли ҳовлини Раҳимга кўрсатди. Раҳимга ҳовлининг катталиги, кўм-кўк дарахтзор билан қопланган салқин жойлиги жудаям ёқди. Олди-сотди ҳақида келишиб, ҳовли 120000000 сўмга баҳоланди. Раҳим гаров сифатида 3000000 сўм пулни бериб, қолган қисмини ҳужжатларни расмийлаштириб бўлганларидан сўнг беришга Абдурашидни кўндирди.  Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда. 

Шундан сўнг Раҳим ҳовлида қурилиш ишларини бошлаб юборди. Усталар тер тўкиб ишлай бошладилар. Раҳим ҳам вақти-вақти билан улардан хабар олиб турди. Кейинги сафар усталарнинг ишидан хабар олиш учун боришга Раҳим дўсти Санжарни ҳам чақирди. У дўстини қизиқтириб:

-  Юр, сенга сотиб олган “дачам”ни кўрсатаман. Баҳонада ҳаво алмаштириб келасан. Шу диққинафас шаҳардан лоақал дам олиш кунлари чиқиб кетайлик. Ҳали у ер битсин, “додахўжа” жой бўлади ўзиям. Бассейн билан саунаям қурдираман. Ишқилиб, оғайни, ниятлар зўр. 
-  Ниятингга ет, дўстим. Майли, бу дам олиш куни зарур ишларим йўқ. Сен билан бир айланиб кела қолай.
-   Фақат, бир илтимос. Сенинг машинангда борамиз. Меники, нимагадир қизиб кетяпти. Тағин ярим йўлга етганда тўхтаб қолиб, ишкал бўлмасин, нима дейсан?
-  Бўпти, розиман.

2016 йилнинг 10 февраль куни соат ўнларда Санжар ўзининг “Нексия” автомашинасида Раҳим билан йўлга  тушди. Улар тахминан соат 12:00 ларда манзилга етиб келишди. Уларни уй эгаси ва усталар кутиб олишди. Ҳовлини обдон айланиб, усталарнинг бажарган ишидан қониқиб, улар қоринлари очқаганини пайқадилар. Уй эгаси ва усталар овқатланиш учун уй ичига кириб кетишди, Санжар эса кўчага, автоуловидан хабар олгани чиқиб кетди. Раҳим бўлса, ҳовлининг охирида жойлашган молхона ёнидаги ҳожатхонага қараб юрди. Молхона олдидан ўтиб кетаётганида, девор пастида тўпланиб турган пичан ва ўтинлар устида қуруқ ҳолдаги уч дона ёввойи наша ўсимлиги баргини кўриб қолди. У анча олдин биринчи маротаба наша гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилганди. Шу боис, у бу барглар ёввойи наша ўсимлигининг барглари эканлигига аниқ ишонч ҳосил қилди ва уларни қўлига олиб, ҳожатхона ичкарисига кириб кетди. У ерда чўнтагидан “Кент” сигарет қутиси ичидаги бир дона сигаретасини қўлига олиб, баргларни қўли билан майдалаб эзғилади. Сўнгра, уни сигарета махоркасига аралаштириб, кейинчалик чекиши учун курткасининг чўнтагига жойлаб қўйди. 

Ҳожатхонадан чиққанидан сўнг, у уйга шошиб қолди. Усталарнинг овқатга таклиф қилганларига ҳам қарамай, Санжарни ҳам шошилтириб, хайр-хўшни ҳам насия қилиб, йўлга равона бўлишди. Санжар ҳам дўстининг бу ҳолатидан ҳайрон бўлиб, “зарур иши чиқиб қолгандир-да”, деб ўйлаганча, машинасини тезлаштирди. 

Тахминан соат 15:25 ларда Бектемир тумани “Бектемир” ЙПХ масканида ички ишлар ходимлари томонидан Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб келаётган кул рангли “Нексия-Донс” русумли, 1967 йилда туғилган Санжар Каримов бошқарувидаги автомашина ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатилди. Ушбу автомашинанинг олди йўловчи ўриндиғида келаётган Раҳим Юнусов ўзининг бежо хатти-ҳаракатлари  билан ходимларда шубҳа уйғотганлиги сабабли, холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилди. Шунда унинг эгнидаги тўқ кўк рангли курткасининг ташқи томонида жойлашган ўнг чўнтагидан “Кент”  сигарет қутиси ичидан бир дона “Winston” сигаретасига ўралган яшил рангли, ўткир ҳидли ўсимлик моддаси мохорка билан аралашган ҳолда борлиги аниқланиб, ҳолислар иштирокида расмийлаштириб олинди.

ИИББ ЭКМнинг хулосасига кўра, Р.Юнусовдан олинган модда таркибида фаол гиёҳвандлик моддаси-тетрагидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу модда “марихуана” деб аталади. Унинг оғирлиги 1,23 граммга тенглиги аниқланди.

Мана Раҳимнинг биргина ўйламай босилган қалтис қадами, унинг ножоиз хатти-ҳаракати натижаси салбий оқибатни келтириб чиқаради. Эндиликда Р.Юнусов қилмишига яраша жазосини олишга мажбур.