Нафақа тайинлашдаги қонунбузарлик ўз вақтида фош этилди
ҚФЙ масъул котиби Нажмиддин Абдуллаевнинг “саховатпешалиги” ҳамда комиссия аъзоси, кам таъминланган оилаларга нафақа тайинланишини назорат қилиши лозим бўлган туман бандликка кўмаклашиш марказининг ушбу ҚФЙдаги ҳудудий инспектори Нуритдин Нишоновнинг қўллаб-қувватлаши оқибатида аризалар бўйича оилаларнинг моддий ва мулкий аҳволи тўлиқ ўрганилмасдан хулосалар тайёрланиб, муҳтожлар қаторида ўзига тўқ хонадонларга ҳам нафақа тўланаверган. 14 ҳолатда 14 ёшгача болали оилаларга нафақ пули ва 20 та ҳолатда икки ёшгача бола парвариши учун нафақа пули-жами 25 млн. 941 минг сўм қонунга зид равишда тўлаб юборилган. Бу тўғрисида “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.
Дастлабки терговда етказилган зарар ўрни тўлиқ қопланди. Фуқаролар ноқонуний тўланган нафақа пулларни қайтариб топширишди. ЖКнинг 167-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этган Н.Абдуллаев ва Н.Нишоновнинг айби тўлиқ иқрорликларидан ташқари гувоҳлар, фуқаровий даъвогарнинг кўрсатмалари, ҳужжатли далиллар билан исботланди. Қонунларимизга хос инсонпарварлик намунаси сифатида судланувчиларга тегишли хулоса чиқариб, бундан кейин ҳалол ишлаб яшаш учун имконият берилди. Суд уларга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган ҳолда амнистия актини қўллаб, жазони ўташдан озод қилди.