Жамият | 14:43 / 04.06.2016
41007
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бутун шаҳар қидирган қиз топилди

Юнусобод туманида йўқолган қиз топилгани маълум бўлди. 3 июнь куни бутун Тошкент бир кун аввал мактабдан чиқиб, уйга қайтмаган Нигоранинг тақдиридан хавотирга тушди.

Қизнинг ота-онаси, у таълим олувчи 302-мактаб ўқитувчилари, милиция ходимлари ва волонтёрлар Нигорани қидириб бутун Юнусобод туманини қараб чиқишди, эълонлар ёпиштиришди. Қидирув ишлари асосан Универсам ҳудуди атрофида олиб борилган, чунки охирги марта қизни шу ерда кўришган. Бироқ мактаб ўқувчиси умуман бошқа жойдан топилди. Қизнинг отасининг сўзларига кўра, бутун шаҳар Нигорани излаётган бир пайт унинг қизи Хасанбойда яшовчи дугонасиникида бўлган. 

Икки дугона вақтларини жуда чоғ ўтказган бўлиб чиқишди. Дастлаб қизлар велосипедда учишган, кейин кинотеатрга боришган, у ердан чиқиб  кафеда ўтиришган, сўнг сайр қилишган...қарашса соат 22:00. Дугонаси Нигора уйдагиларидан гап эшитмаслиги учун унинг уйида қолишни таклиф қилган. Эрталаб қизлар Нигоранинг қидирилаётганидан хабар топишган. Иккаласи ҳам қўрқиб кетиб, индамасликни маъқул кўришган. Шу боис дугонасининг телефони ўчиқ бўлган.

"Кеча мен шаҳримизда умуман нотаниш кишиларга ёрдам беришга, улар учун қайғуришга тайёр инсонлар борлигига ишонч ҳосил қилдим. Сизларга қандай қилиб ўзимнинг улкан миннатдорчилигимни билдиршини ҳам билмайман", - дея таъкидлади қизнинг отаси. 
3 июнь куни кечқурун Нигора ўзининг уйига келган.