Сандерс штаби Клинтоннинг иккинчи босқичга ўтиш учун етарли овоз йиққани ҳақидаги хато хабардан шикоят қилди
Демократлар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Берни Сандерснинг сайловолди кампанияси штаби ОАВда Ҳиллари Клинтон муддатидан аввал кейинги босқичдаги иштирокини таъминлагани ҳақида тарқалган хабарга эътироз билдирди. Уларнинг ҳисобига кўра, Сандерснинг рақиби ҳали партиянинг 25—28 июль кунлари Филадельфияда бўлиб ўтадиган съездида АҚШ президентлиги учун расман номзод сифатида кўрсатилиш учун етарли овоз тўплаб бўлмаган.
"Клинтон хоним ҳали номзодини президентликка расман кўрсатиш учун делегатларнинг етарли овозини тўплаб бўлмади. Унинг тақдирини ҳали ўз овозларини бериб бўлмаган суперделегатлар ҳал қилади. Улар эса 25 июлдан олдин овоз бермайди ва барчаси ҳали олдинда. Улар эса ҳозир ҳам, кейинроқ ҳам фикрларини ўзгартириши мумкин", дейди Сандерснинг матбуот котиби Майкл Бриггс.
"Бизнинг вазифамиз - бу суперделегатларни жаноб Сандерс бугунги кунда Трампга қарши тура олиши мумкин бўлган энг кучли номзод эканига ишонтириш", дейилган Сандерс жамоаси баёнотида.
Ҳиллари Клинтон эса ўз тарафдорларини "суперсешанба" арафасида бўшашмасликка чақирган. Бугун бир йўла 6та штатда дастлабки сайловлар ўтказилади.
"Биз буни муддатидан аввал эълон қилиб юборганингдан мамнунмиз, АР. Энди биз праймеризда албатта ғалаба қилишимиз керак. Калифорния, Монтана, Нью-Мексико, Шимолий Дакота, Жанубий Дакота, Нью-Жерси, бизга овоз беринг!", деган Клинтон хоним.
Бундан олдинроқ, Associated Press агентлиги ўз ҳисоб-китобларига асосланган ҳолда Ҳиллари Клинтон кейинги босқичда Демократлар партиясидан ягона номзод сифатида иштирок этиши учун етарли бўладиган 2383 делегат овозини тўплаб бўлгани ҳақида маълум қилганди.
Партиянинг президентлик сайловлари учун расмий номзоди Филадельфияда 25—28 июль кунлари ўтказиладиган съездда илгари сурилади.
Виржиния оролларидаги кокуслардан кейин Клинтонни 2 316 нафар делегат, жумладан, 547 нафар суперделегат қўллаб-қувватлаётганди. Ғалаба учун эса 2 383 нафар делегат овози талаб этилади.
Сандерс Клинтондан сезиларли даражада ортда қолган. Уни 1 547 нафар делегат қўллаб-қувватламоқда. Улардан 46 нафари суперделегат.
АҚШ президентлиги учун сайлов 8 ноябрь куни бўлиб ўтади. Республикачиларнинг иккинчи босқич учун ягона номзоди Дональд Трамп.