ОАВ: Тимати мухлисасининг бурнини квас бутилкаси билан синдирди
Россиялик рэп устаси Тимати Екатеринбургдаги концерти чоғида мухлисасининг бурнини квас бутилкаси билан синдириб қўйди. Бу ҳақида 66.ru портали хабар берди.
Бахтсиз ҳодиса 2 июнь куни "Уралец" концерт залида содир бўлган. Тимати томошабинларга «Вятским квасом» ярим литрли шишалардаги ичимликни тарқатаётган бўлган. Қўшиқчи шишаларни эҳтиёткорлик билан отишга ҳаракат қилгани таъкидланди.
Воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, отилган шишалардан бири унинг мухлисасига бориб теккан. Кейинчалик унинг бурни сингани маълум бўлган. У вилоят шифохонасига етказилган.
Шифокорлар қизга нафақат бурун синиши, балки бош миянинг чайқалиши ташхисини ҳам қўйишди. Олинган маълумотларга кўра, қўшиқчининг мухлисаси ҳозирда тиббий муассасада даволанмоқда.
Шуниси қизиқки, қизнинг яқинлари рўй берган воқеани инкор этишди. Хусусан, қизнинг онаси на қизи ва на унинг ўзи бундай тадбирларга бормаслигини маълум қилди. Нашр бундай позициянинг жабрланувчи ва Тиматининг концерти ташкилотчилари ўртасидаги келишув билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини билдирган.
"Биз Тимати залга шиша улоқтиришни билмагандик. Содир бўлган воқеа бизнинг ўзимизни ҳам ҳайратга солди. Ушбу вазиятни тўғирлаш учун қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Қиз ҳеч қандай талаб қўймади. Биз қизнинг ота-онаси ва Тимати билан мулоқотга киришяпмиз", - деди "Уралец" вакили.