Қозоғистонда олтин қазиб олувчилар ва қўриқчилар ўртасида муштлашув содир бўлди
Қозоғистоннинг Оқмола вилоятидаги олтин олинувчи шахта ишчилари ва қўриқчилари ўртасида содир бўлган оммавий муштлашувда 10 киши жароҳат олди. Бу ҳақда 17 июнда "Интерфакс-Казахстан" хабар берди.
Воқеа Бестўб посёлкасида юз берди. Олтин олувчи корхонада юз берган оммавий муштлашув ҳақидаги хабар яқин орадаги Степногорск шаҳри ички ишлар бўлими навбатчи қисмига 16 июнь кечки пайт келиб тушган. Воқеа жойига полиция нарядлари келганда муштлашув тўхтаган. Маҳаллий ижроия органлари, прокуратура ва полиция томонидан тушунтириш ишлари олиб борилгандан кейин муштлашув иштирокчилари воқеа жойини тарк этишган.
Ҳуқуқ-тартибот муассасалари "Ўқотар қурол, газли қурол, пичоқ, кастет ва бошқа совуқ қуролни қўллаб ёки қўллашга уриниб безорилик қилиш" моддаси бўйича судгача текширишни бошлашди. Муштлашув сабаблари маълум қилинмаган.
2015 йил июлида "Казахмис" корпорациясининг тоғ-бойитиш комбинати ишчилари ошхонадаги озиқ-овқатнинг қониқарсизлиги сабабли оммавий тўполон кўтаришганди. Тўполон вақтида 31 ишчи жабр кўрган.