Спорт | 09:34 / 20.06.2016
6574
2 дақиқада ўқилади

Хорватларнинг «ультра»си Хорватия футбол федерациясига уруш очди

Хорватиялик ашаддий мухлислардан иборат «ультрас» Хорватия терма жамоасининг Испанияга қарши гуруҳдаги сўнгги ўйинини барбод қилмоқчи ва терма жамоанинг Европа чемпионатидан четлатилишига эришмоқчи. Бу ҳақда Tribuna хабар тарқатган.

Изоҳ берилишича, Чехияга қарши ўйин вақтида ўзини кўрсатган фанатлар ўзларини халқ душманларига чиқарган мамлакат футбол иттифоқига уруш очган.

«Ультрас» интернетга Испанияга қарши ўйин кечадиган Бордо шаҳридаги стадион чизмаларини жойлаштирган ва ўша куни қандай ҳаракат қилиш бўйича аъзоларга кўрсатмалар берган.

Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичининг 2-турида Хорватиянинг Чехияга қарши ўйини якунланиши арафасида фанатлар майдонга ёнар файерлар улоқтиришди. Шундан сўнг, трибуналарда мухлислар ўртасида муштлашувлар содир бўлди.

УЕФА ушбу ҳолат юзасидан Хорватия футбол иттифоқига нисбатан интизомий иш очди. Бу иш 20 июнь куни кўриб чиқилади ва тегишли қарор чиқарилади.

Мухлисларнинг бу ҳаракатларига мамлакат президенти, терма жамоа аъзолари ва бошқа мутахассислар жиддий эътирозлар билдириб ўтишган.

Хорватия ва Испания учрашуви 21 июнь куни кечқурун, Тошкент вақти билан соат 23:59да бошланади.