ТДТУнинг ёпилган факультети талабалари Губкин номидаги РДУ филиалига ўтказилиши тартиби маълум қилинди
Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13 июнда тасдиқланган қарори асосида Тошкент давлат техника университетининг ёпилган Нефть ва газ факультетининг 2-3 курс талабалари И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига кўчирилади. Ҳукумат қарори матни Lex.uz сайтида эълон қилинган.
Ҳужжатда қайд этилишича, Губкин номидаги РДУ филиалига бакалавриатнинг мос тушувчи ва яқин таълим йўналишларида таҳсил олаётган иккинчи ва учинчи босқич талабалари ўтказилади.
Бунда уларнинг ўқиш шакли (давлат гранти асосида ёки тўлов-шартнома асосида) сақланиб қолади.
Бакалавриатнинг 4-курс ва магистратуранинг 2-курс талабалари ўзлари таълим олган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таҳсилни ТДТУда якунлайди.
Қарор асосида талабаларни ўтказиш юзасидан тушунтириш ва ташкилий ишларни олиб бориш бўйича ишчи гуруҳи тузилган. Ушбу гуруҳ талабаларни кўчириш учун мос тушувчи ва яқин таълим йўналишлари рўйхатини аниқлаши лозим бўлади.
РДУ филиалига ўтказилган талабалар ҳам ТДТУга кирган асосда (грант ёки контракт) таълимни давом эттиради. Контракт миқдоридаги фарқ эса «Ўзбекнефтгаз» томонидан қопланади.
Россия ОТМ филиалига кўчириладиган талабалар 2016—2017-ўқув йили давомида ўқув фанларидаги академик фарқларни ўзлаштиришлари лозим. Уларга академик фарқни ўзлаштириб олиши учун шароитлар яратилади, улар учун икки ойдан олти ойгача давом этувчи рус тилини интенсив тарзда ўрганиш курслари ташкил қилинади. Шунингдек, турар-жойга эҳтиёжи бор талабаларга университет ётоқхонасидан жой ажратилади.
Қарорда ТДТУ нефть ва газ факультетининг озод қилинган профессор-ўқитувчилар таркибини иш билан таъминлаш бўйича ҳам чораларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, май ойида Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримов «Тошкент Давлат Техника Университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони асосида университет қайтадан ташкил этилиб, унда Муҳандислик тизимлари факультети ва Муҳандислик-физика факультети иш бошлаши белгиланган, Нефть ва газ факультети талабалар контингенти Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкентдаги филиалига ўтказилиши кўрсатилганди.