Қумқўрғон туманида Олий Мажлис депутати билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Турсунов Муродулла Холсаидович 2016 йил 30 июн куни Қумқўрғон тумани худудидаги “ Сурхон соҳили” , “Чаёнтепа”, “Имомтепа” маҳаллалари сайловчилари билан туман 5-сонли ўрта мактаби филиали биносида учрашув ўтказди.
Депутатнинг сайловчилар билан ўтказган мулоқотида, сайловчилар вакиллари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини изҳор қилишган. Хусусан, Чаёнтепа маҳалласида яшовчи фуқаро Шербўтаев Боймуроднинг айтишича, маҳалла фарзандлари соғлом ва билимли, Ватан иқтисодиёти учун хизмат қиладиган йигит ва қизлар бўлиб вояга етишишларида, Мустақилликни мустаҳкамлаш йўлида ўз куч ва имкониятларини сафарбар қилишларида, тумандаги Қашқадарё вилояти Геофизика ташкилотига қарашли бинода жойлашган таълим муассасасининг ўрни катта.
Унда 2 йил давомида таҳсил олган ўқувчиларнинг билим савияси ижобий томонга ўзгариб, турли кўрик танловларда Сурхондарё вилояти бўйича фахрли ўринларни қўлга киритишган. Ота-оналар, фарзандларининг 5-6 км узоқликдаги мактабга қишнинг қорли совуқ кунлари, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида қатнаб ўқишлари каби ташвишидан халос бўлишганди.
5-умумий ўрта таълим мактабидаги ўқувчилар сони 1500дан ортиқ бўлиб, унда икки сменада машғулотлар ташкил этилган эди. Иккинчи сменадаги дарслар кеч соат 18-20да тугаши ўқувчиларнинг 20-00 атрофида уйларига келишига сабаб бўларди. Бу эса, ўз навбатида ота-оналарнинг хавотирига сабаб бўлаётганди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Турсунов Муродулла билан учрашувда қатнашган фуқаролар, ундан Қашқадарё вилояти Геофизика ташкилотига қарашли 2 қаватли бинони мактабга айлантиришда амалий беришини илтимос қилишган.