Ўзбекистонлик теннисчилар халқаро мусобақалардаги ўз иштирокларини муваффақиятли давом эттирмоқда
Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Англиянинг Лондон шаҳрида “Катта дубулға” туркумига кирувчи “Уимблдон – 2016” халқаро турнирида муваффақиятли иштирок этмоқда. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Нуфузли мусобақанинг иккинчи даврасида Денис Истомин испаниялик Николас Альмагрога қарши кортга чиқди ва 6:4, 7:6, 6:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди у учинчи даврада бельгиялик Давид Гоффен билан куч синашади.
Яна бир ўзбекистонлик теннисчи Оқгул Омонмуродова Польшада хотин-қизлар ўртасида давом этаётган “Torun – 2016” халқаро турнири жуфтлик баҳслари ярим финалига чиқди.
Оқгул россиялик Валентина Ивахненко билан биринчи даврада венгриялик Ванда Лукаш ва болгариялик Изабелла Шиниковани, чорак финалда словакиялик Вивен Жухажова ва беларуслик Ирина Шимановични мағлуб этди. Оқгул ва Валентина ярим финалда польшалик Жустина Жегиолка ва украиналик Валентина Страховани синовдан ўтказади.
Буюк Британияда теннис бўйича ўғил болалар ўртасида ўтаётган халқаро турнирнинг жуфтлик баҳсларида ўзбекистонлик истеъдодли теннисчилар Ҳумоюн Султонов ва Жўрабек Каримов финалга йўл олди.
Ҳумоюн Султонов ва Жўрабек Каримов ярим финалда япониялик теннисчилар Наоки Тажима ва Юносуке Танакани 7:6, 6:1 ҳисобида енгди. Ёш теннисчиларимиз финалда америкалик Васил Кирков ва Улисес Бланк билан куч синашадиган бўлди.