Ўзбекистон | 19:46 / 05.07.2016
6007
2 дақиқада ўқилади

Литва делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди

Ўзбекистонга ташриф буюрган Литва Сеймининг Ўзбекистон билан парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Валериус Симулик раҳбарлигидаги делегация аъзолари 5 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуродов билан учрашди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон Республикаси билан Литва Республикаси ўртасидаги алоқалар турли йўналишларда ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Музокара давомида меҳмонларга Ўзбекистоннинг икки палатали парламенти фаолияти тўғрисида сўзлаб берилди. Меҳмонлар Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши сўнгги 11 йилда мунтазам саккиз фоиздан юқори бўлаётгани, макроиқтисодий кўрсаткичларга эришилаётгани Ўзбекистонда барча соҳалар қатори иқтисодиётни изчил ривожлантириш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат самараларидан экани қайд этилди.

– Литва Ўзбекистон билан стратегик ҳамкорлик қилишдан манфаатдор, – деди Валериус Симулик. – Зеро, жадал ривожланиб бораётган Ўзбекистонда кўплаб соҳаларда улкан ўзгаришлар кузатилмоқда. Бунда мамлакатингиздаги тинчлик ва барқарорлик, унинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган нуфузи муҳим омил бўлмоқда. 

Литва делегацияси Ўзбекистоннинг қатор вазирлик ва идораларида ҳам музокаралар ўтказди.