Жаҳон | 18:37 / 08.07.2016
13082
1 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Марказий Осиёда "шенген" тартибини таклиф этмоқда

Унга кўра, Марказий Осиёнинг бир мамлакатига келаётган сайёҳга Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон бўйлаб сайёҳлик хизматлари таклиф этилиши мумкин. 

Қирғизистон Марказий Осиё минтақаси бўйлаб ягона сайёҳлик тўпламини жорий қилиш ташаббуси билан чиқмоқда. Республика Маданият вазирлиги қошидаги туризм департаменти раҳбари Азамат Жаманкулов МДҲ мамлакатлари туризм бўйича Кенгашининг Бишкекда бўлиб ўтган йиғилишида шундай баёнот берган. 

У, мазкур ташаббусни Европадаги "шенген" виза тартибига қиёслаб, сайёҳларнинг бир марта виза олиш билан кўплаб хизматларга эга бўлишини аҳамиятли дея баҳолаган. 

"Қирғизистонга келаётган кўплаб сайёҳлар, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонда бўлишни ҳам хоҳлашган бўларди. Ўйлашимча, ягона сайёҳлик тўпламини ишлаб чиқиш керак. МДҲ ҳудудидан фойдаланган ҳолда, минтақавий сайёҳлик маҳсулотларини таклиф этса бўлади", — деган Жаманкулов.