Фарғона шаҳридаги омборхоналардан бирида сайғоқларнинг контрабанда йўли билан олинган шохлари аниқланди
Ўзбекистон фаунасини оққуйруқ, яъни сайғоқсиз тасаввур қилиш қийин. Ўзбекистон ушбу ноёб жониворлар сақланиб қолган дунёнинг атиги бешта мамлакатидан бири ҳисобланади.
Улар нафақат лаззатли гўшти, энг аввало, қимматбаҳо шохлари учун браконьерларнинг ўлжасига айланмоқда. Хусусан, Хитой ва Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари табобатида ҳозирга қадар кенг қўлланилаётгани боис сайғоқ шохлари мўмай даромад орттириш воситасига айланиб улгурган.
Яқинда Фарғона вилояти божхона бошқармаси ва Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги сайғоқ шохларининг контрабандаси фош қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Фарғона шаҳридаги омборлардан бири амалдаги тартибларга мувофиқ холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу омборда 468 дона сайғоқ шохлари ҳамда 72 дона мазкур турдаги шохлар бўлаклари, бундан ташқари 170 дона терилар яширин равишда сақланаётганлиги фош қилинди.
Суриштирувлар давомида аниқланишича, ноқонуний равишда олиб чиқишга мўлжалланган ушбу ноёб маҳсулотлар ва терилар Сўх туманида истиқомат қилувчи Фарҳод Амуровга (исм-шарифи ўзгартирилган) тегишли бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг нархи салкам 148 млн. сўмни ташкил қилар экан.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Сайғоқ миллий ва халқаро “Қизил китоб”га киритилган бўлиб, уни овлаш 1992 йилдан бошлаб қатъиян ман қилинган.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ҳайвонларни табиий муҳитдан олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг розилигига биноан, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Ёввойи ҳайвонларни, уларнинг қисмларини, шунингдек яшаш фаолияти маҳсулотларини олиб кириш ва четга олиб чиқиш эса Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Шунингдек, тери хомашёсини Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланади.
Фарғона вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.
Мавзуга оид
11:50 / 13.11.2024
Ўзбекистонга контрабанда йўли билан келтирилган 65 кг “гашиш” мусодара қилинди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
11:59 / 05.11.2024
Ўзбекистонлик олимлар Фарғона водийсидан янги балиқ турини топди
09:40 / 02.11.2024