Ёзги таътил даврида болаларнинг ақлий ва жисмоний салоҳиятини сақлашнинг 5 усули
Ёз фаслида ўқувчилар мактаб таътилига чиқишади, бундай пайтда ота-оналар фарзандларининг фаоллиги ва қизиқувчанлигини бир маромда ушлаб туришлари муҳим.
Руҳшуносларнинг таъкидлашларича, ёзги таътил дам олиш ва кучларни қайта тиклаш учун ажойиб имконият яратади, шу боис бу даврдан самарали фойдаланиш лозим.
Шунингдек таътиллар бутун оила учун "ёзги режа"ни ишлаб чиқиш учун ажойиб имкониятдир. Ота-оналар ўйин-кулгу ва ижодий фаолият ўртасида мувозанатни тўғри ушлаб туришлари керак.
Америка психиатрия ва неврология марказининг болалар неврологи Ориф Хон ёз фаслининг болалар ва катталар учун фойдали ўтиши учун асосий омилларни санаб ўтди.
Кун тартиби ёки ҳафтали режа
Бола кунини қандай ўтказишини олдиндан билиши учун кунлик ёки ҳафталик режа тузинг. Масалан: эрталаб соат 8:00да нонушта, 9:00да велосипедда ёки пиёда сайр қилиш, 10:00да телевизор кўриш ва ҳоказо. Кун тартиби ёки ҳафталик режа олдиндан тузилса, боланинг кераксиз нарсаларга чалғишга ва зерикишга вақти бўлмайди, шунингдек бу билан бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади.
Болалар нима билан шуғулланаётганига эътиборли бўлинг ва уларни рағбатлантиринг
Телевизор ёки компьютер қаршисида соатлаб ўтирган фарзандингизга диққат қилинг. Уларни ҳаракат қилишга ундовчи ишларга ёки ўйинларга чорланг, болаларни рағбатлантиринг. Зеро, кўп ўтириш ва кераксиз нарсаларни томоша қилиш болалар учун зарарлидир.
Болалар ва оромгоҳлар
Бугунги кунда болалар ёзда дам олишлари учун кўплаб оромгоҳлар хизмат кўрсатмоқда. Фарзандингизнинг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, унга муносиб оромгоҳни танланг. Ёзги оромгоҳларда болаларда ўзига ишонч ва ҳурмат ҳисси ортади, чунки бу ерда мактабдагидек рақобат йўқ, болалар ўзларини эркин ҳис этишади, тенгдошлари билан мулоқот қилишади. Сиз спортга ёки ижодий фаолиятга йўналтирилган оромгоҳларни танлашингиз мумкин.
Ўз фикрини баён қилишга ўргатиш
Болаларни ижодий фаолиятга жалб қилиш жуда катта фойда беради. Бу шунчаки таом тайёрлаш, китоб мутолаа қилиш ёки бирор бир ўйин ўйнаш бўлиши мумкин.
Фарзандингиз билан бирга таом тайёрлаб, унга нима фойда-ю нима зарар эканлигини ўргатишингиз мумкин, қуруқ гапдан кўра, биргаликдаги фаолият асосида тушунтириш ишларини ўтказиш ижобий натижа кўрсатади.
Болалар билан ақлни чархловчи ҳамда кўнгилочар ўйинлар ўйнанг. Шунда боланинг фикрлаши янада ривожланади, шу билан бирга оила аъзолари ўзаро жипслашади. Фарзандларини оромгоҳларга юбориш имкони бўлмаган ота-оналар улар билан парк, музей, театр, караоке ёки балиқ тутишга боришлари мумкин, шунингдек уларни санъат ҳамда ҳунармандчилик йўналишлари бўйича тўгаракларга олиб боришлари мумкин.
Ухлаш вақтини аниқ белгилаб беринг
Уйқу вақтини белгилаб бериш болани кун тартибига риоя қилишга ва керакли ҳордиқ билан таъминлашга ёрдам беради. Уйқу етишмовчилиги боланинг фикрлашига ҳамда кун бўйи ўзини тутишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Уйқу етишмаслиги натижасида бола нотинч ва гиперфаол бўлиши эҳтимоли юқори. Бундан ташқари вақтида ухламаган бола кўп овқат ейди, бу эса ортиқча вазн тўплашга сабаб бўлади. Хуллас, ўз вақтида ухламаган боланинг соғлиғида жиддий муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Шу боис фарзандингизни ухлашга ётадиган ва эрталаб уйғонадиган вақтини унинг соғлиғига зарар етмайдиган қилиб белгилаб беринг.
Унутманг, болалар ота-оналари билан ўтказилган вақтни жуда қадрлашади. Шундай экан, нафақат ёзги таътил даврида, балки йил давомида уларга беэътибор бўлманг! Зеро, фарзандлар - бизнинг келажагимиз.
Мавзуга оид
10:39 / 29.04.2024
Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтди
10:00 / 22.04.2024
Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди
15:50 / 06.04.2024
Россия ОАВ: Россияликлар баҳорги таътилини Ўзбекистонда ўтказишга тайёр
17:47 / 19.03.2024