Қуролланган гуруҳ Ереванда полиция маҳкамасини эгаллаб олди, 1 киши ўлдирилди
Қуролланган шахслар гуруҳи Арманистон пойтахти Ереван шаҳри яқинидаги Эребуни туманида полиция бўлими биносини эгаллаб олган. Улар Қорабоғ ихтилофига ҳибсга олишлар доирасида қўлга олинган фаоллардан бирини, мухолифатдаги "Янги Арманистон" номли радикал гуруҳ етакчиси Жирайра Сефилянни озод этишни талаб қилишмоқда. Сефилян ноқонуний равишда қурол сақлашда айбланганди.
«Интерфакс» агентлигининг маҳаллий телевидениега асосланиб хабар қилишича, ҳужум оқибатида камида 1 киши ҳалок бўлган ва бир неча киши жароҳатланган.
Ҳужум қилувчи гуруҳ Ереван полицияси бошлиғи ўринбосари Валерий Осипянни гаровда тутиб туришибди.
Гаровга олинган бинога ҳарбийлар жўнатилган. Полиция матбуот хизмати раҳбари Ашот Агаронян яқин вақт ичида вазият бўйича батафсил баёнот билан чиқилишини маълум қилган.
Айни вақтда Эребуни туманига олиб борувчи барча йўллар ёпилган.
Сефилян 20 июнь куни ҳибс қилинганди. Тергов давомида у ўз тарафдорлари билан Еревандаги телекоммуникация бинолари, хусусан телеминорани қўлга олишни режалаштиргани маълум бўлган.
Терговчилар маълумотига кўра, жиноий гуруҳ аъзолари апрель ойида Қорабоғда бошланган тўқнашувлардан кейин ўз режаларини тузишган.
Сефилян 2006 йилнинг 10 декабрида ҳам қўлга олинганди. Ўшанда у аҳолини конституцион тузумга қарши тарғиб қилиш ва ноқонуний қурол сақлашда айбланган ва 1,5 йилга қамалганди. У 2008 йилнинг июнида озодликка чиққан. 2015 йили Сефилян ўз тарафдорлари билан "Парламент таъсисчилари" ташкилотига асос солган ва оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришга уринишда айбланиб қамоққа ташланганди. Лекин 4 ойдан кейин қўйиб юборилганди.