UMS уяли алоқа оператори Ўзбекистондаги фаолиятини тўлақонли давом эттиришини маълум қилди
Аввалроқ Россиянинг МТС компанияси Ўзбекистонда ташкил қилинган Universal Mobile Systems (UMS) қўшма корхонаси сармоядорлари таркибидан чиқиши мумкинлиги маълум қилинганди.
Шу муносабат билан "Universal Mobile Systems" МЧЖ ўз сайтида одамларда гўёки компаниянинг ўзи ёпилиши мумкинлиги ҳақида нотўғри фикр пайдо бўлмаслиги учун, россиялик сармоядорлар компанияни тарк этгани билан у ўз фаолиятини давом эттираверишини маълум қилган. Хусусан, сайтдаги хабарда компания уяли алоқа хизматлари кўрсатиш лицензиясига кўра ўз фаолиятини 2029 йилгача амалга ошириши айтилган.
Таъкидланишича, компания мобиль операторнинг барча хизматларини кўрсатиш, янги мижозларни улаш ва амалдаги мижозларга хизмат кўрсатишни ҳамда ўзининг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини барча йўналишлар бўйича амалга оширишни давом эттираверади.