Иқтисодиёт | 18:41 / 13.08.2016
22480
4 дақиқада ўқилади

Сигэнобу Нагамори — сайёранинг ғалати миллиардерларидан бири

Фото:Bloomberg

Япониялик тадбиркор, гарчи сармоядорларнинг ва экспертларнинг қарашларига эътибор бермаса-да даромад кўриши билан эътибор қозонган. Киотодаги машҳур ибодатхоналардан жанубда заводлар ва аҳоли тураржойлари орасида битта осмонўпар бино кўзга ташланади. Унинг энг тепа қаватида Сигэнобу Нагамори идораси жойлашган. Nidec Corp. соҳиби бўлган миллиардер ўзи ва бизнеси ҳақида шундай дейди: 

«Агар сиз менда ишлаганингизда иқтидор эгаси бўлмасангиз ҳам сизни ишдан ҳайдашмайди. Бироқ, бунинг эвазига сиз кўпроқ ишлашингизга тўғри келади. Агар сиз, менинг 27-миллиардлик электроника ишлаб чиқариш бўйича бизнесимнинг акциясини харид қилсангиз, дивидендлар ўсишига умид қилмасангиз ҳам бўлади. Шу билан бирга, агар сиз Масаёси Сон (Япониянинг энг бадавлат иккинчи кишиси) бўлсангиз ҳам, ноҳақ бўлсангиз буни тап тортмай юзингизга айтаман». 

Ўзининг эски аммо қадрдон саройини сақлаб қолган 71 ёшли Нагамори ўзининг бошқаларга ўхшамаслигини эътироф этади. 

«Мен ғалати инсонман. Мен оқимга қарши сузаман». 

Бугунги кунда, Япония бош вазири Синдзо Абэдан тортиб сармоядор Дэн Леб япон бизнесини акциядорларга кўпроқ диққат қилиб, иш юритишнинг анъанавий усулларидан воз кечишга чақираётган бир вақтда, Нагамори уларга эътибор бермай, ўзининг фонд бозорларидаги ҳамкасбларини катта фарқ билан ортда қолдиришнинг уддасидан чиқмоқда. 

У — Уолл-стрит меъёрларига биноан ғалати туюлган усуллар япон компаниялари учун жуда ҳам фойдали бўлиши мумкинлигини исботловчи жонли намунадир. 

2016-йили Нагамори компанияси ўз кўрсаткичини пасайтириб бораётган Topix индексидан илгарилаб кета олди. У учинчи йилдирки даромад кўриш бўйича рекорд қайд этмоқда, акциялари эса 5,3 фоизга ошди. Nidec (TYO:6594) компанияси 2008-йилги глобал инқироз вақтида намойиш этган минимум кўрсаткичларидан кейин шу пайтга қадар 457 фоизга ўсди. Шахсий маблағлар рентабеллиги 12,1 фоизни, индекс бўйича ўртача 6,8 фоизни ташкил этади. 

Айтиш жоизки, Нагаморининг харид қилишни билиши унинг муваффақияти гаровидир. Nidec 1973 йилда ташкил этилганидан бери 40дан ортиқ компанияни ўзига қўшиб олди. Хусусан шу ойда двигателлар ва электрстанциялар ишлаб чиқарувчи Emerson Electric Co. унга 1,2 млрд долларга тушди. Бунгача, у бизнесини кенгайтириш учун 1 трлн иен (9,8 млрд доллар) маблағ мавжудлигини айтган эди. Nidec компания эътибор қаратаётган соҳаларнинг қамрови эса жуда кенг кўламлидир. Турли хил двигателлар ишлаб чиқаришдан, музлатгич ва автомобилларгача, ҳайдовчисиз автомобиллардан тортиб, «интернет буюм»ларигача шулар жумласига киради. Ichiyoshi Asset Management Co. инвестиция компаниясининг раҳбари Мицусиге Акино шундай дейди:

«Бошқа компанияларни харид қилиш борасида Японияда Нагаморига етадигани йўқ. Сармоядор сифатида мен унга тўлиқ ишонаман». 

Акинонинг фикрича, компаниянинг энг катта хавфи бу асосчисининг кетишидир. Агар янги раҳбарият бошқарувига ўтиш силлиқ бўлмас экан, Nidec  «Нагамори унвони»ни бой бериши мумкин. Гап шундаки, Нагамори 40 йилдан бери ишлаётган бўлса, кунига идорасига келади. Шу билан бирга, 2030-йилгача компанияда у ёки бу вазифада қолишга ҳамда унинг даромадини 1,2 трлн иендан 10 трлн иенга етказишга ваъда беради. Унинг сўзларига кўра, ким компанияга кўп маблағ келтирса ўша одам компания раҳбари бўлади. Унинг кадрлар борасидаги сиёсати ҳам ўзига хос. Агар ходим ўз вақтида ишга келар экан, у ишдан ҳайдалишни хаёлига келтирмаса ҳам бўлади. Топширилган вазифани уддалай олмаса, Нагамори унга мос келадиган иш топиб бера олади. Ижтимоий ҳимояни давлат эмас, балки бизнес таъминлайдиган мамлакатда бу жуда муҳим аҳамият касб этади.

Мавзуга оид