Нью-Йоркда имом ўлдирилгандан кейин норозилик намойиш бўлиб ўтди
Нью-Йоркнинг Куинс тумани кўчаларига маҳаллий масжидлардан бири – "Ал-Фуркан" масжидининг имоми Маулам Аконжий ўлдирилгандан кейин ўнлаб мусулмонлар норозилик билдириш учун чиқишди.
Намойишчилар қотиллик мусулмонларга диний адоват негизида амалга оширилганини таъкидлашмоқда, бироқ полиция тергов энди бошлангани ва имом диний ақидаси сабабли ўлдирилган деб ҳисобланишига ҳозирча асос йўқлигини айтган.
Бундан ташқари, полициядаги манбанинг таъкидлашича, қотиллик талончиликка уриниш вақтида содир этилган.
55 ёшли имом ва унинг 64 ёшли ёрдамчиси масжиддан чиқиб, ўз уйларига қайтаётганларида номаълум эркак уларга яқинлашиб, бошларига ўқ узган. Имом воқеа жойида, унинг ёрдамчиси шифохонада вафот этган.
Қотилни бир неча йўловчилар кўрган, бироқ уни қайноқ излар бўйича тутишга муваффақ бўлинмаган.
Аконжий АҚШга Бангладешдан икки йил аввал келган. У имомлик қилган масжидга келувчиларнинг кўпчилиги бангладешликларни ташкил қилган.
"Бундай вақтларда биз қанчалик ҳимояланмаганимизни англаймиз. Бизнинг келажак, бизнинг бу ҳудуддаги осуда ҳаётимиз хавф остида – биз адолатни талаб қиламиз!", деб айтмоқда масжидга қатновчилардан бири.