2016 йилда Тошкентдаги 341 кичик трансформатор нимстанцияси капитал таъмирланди
Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида юқори вольтли электр узатиш линиялари ва тақсимлаш пунктларини таъмирлаш ҳамда модернизация қилиш ишлари давом эттирилмоқда. “Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти аҳоли ўртасида энергияни тежаш, замонавий электр ҳисоблагичлардан фойдаланиш самарадорлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Айни пайтда Тошкентдаги 595 мингдан зиёд жисмоний ва 18 мингдан зиёд юридик истеъмолчи шаҳар электр таъминоти тармоқларига уланган. Тармоқлар модернизация қилиниб, эскирган электр узатиш симлари янгисига алмаштирилмоқда, фойдаланилган электр энергияси учун тўлов интизомини оширишга доир ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда Тошкентдаги 341 кичик трансформатор нимстанцияси капитал таъмирланди, ишга яроқсиз бўлган станциялар янгиланди, 41,6 километрлик электр тармоқлари реконструкция қилиниб, 94 тармоқ трансформатори таъмирланди.
Баланс «нул» бўлган ҳолатда марказий электр таъминотига улаш ва ўчириш тўлиқ автоматлаштирилган. Масалан, Бектемир туманида замонавий янги тизим муваффақиятли жорий этилгани самарасида фойдаланилган электр энергияси учун тўлов интизоми юксалиб, истеъмолчиларнинг қарздорлик даражаси камайган.
Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш минглаб кишиларнинг машаққатли меҳнати самарасидир. Ундан оқилона фойдаланиш орқали биз нафақат ўзимиз, балки мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга ҳисса қўшамиз.