Ҳиндистонлик боксчи: «Бектемир Мелиқўзиев бир йил ичида катта ўсишга эришгани кўриниб турибди»
Рио-де-Жанейро шаҳрида давом этаётган Олимпиада ўйинларининг бокс баҳсларида -75 кг вазн тоифасида иштирок этиб, чорак финалда мусобақа билан хайрлашган ҳиндистонлик Викаш Кришан муваффақиятсизлигига сабабларни изоҳлай туриб, ўзини мағлуб этган ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиевга юқори баҳо берди.
«Мен жангда иложи борича рақибга имконият бермасликка ҳаракат қилдим. Биринчи раундда имкон қадар клинчда ишлашга интилдим, аммо бу ҳаракатим ўхшамади. Мелиқўзиев биринчи раундни ютгач, қолган вақтда бу устунликни йўққа чиқаришнинг иложи бўлмади ва мағлубиятни тан олишга мажбур бўлдим.
Мен асосий қуроли чап қўли бўлган боксчиларга тайёрлана олмадим. Ҳиндистонда муносиб рақиб йўқ. Ўзбекистондаги чемпионатларга бориб шундай рақиблар билан жанг қилишимга рухсат бўлмади.
Жангда Бектемирдан кўра яхши ҳаракат қила олмадим. Мен унинг чап қўли олдида ожиз эдим. Иложи борича ўнг ва чап қўлларни ишга солиб натижага эришишни истагандим, буни уддалай олмадим, у эса жангда устунлик қилди.
Ўтган йили Таиландда ўтган Осиё чемпионатида унга ютқазганимдан кейин ўзбекистонлик боксчи янада ўсишга эришибди. Айниқса, унинг тезлигида бу яққол кўзга ташланган. Умуман ўзбекистонликлар Олимпиадага бизга қараганда анча яхши тайёргарлик кўрган.
Мен ҳар доим Ҳиндистон мустақиллик байрамига медаль улашиш учун ҳаракат қилганман. Бу йил мустақилликнинг 70 йиллигига олимпиада медалини совға қилишни истагандим. Бунинг имкони бўлмади. Жуда афсусдаман», дея Викашнинг сўзларидан иқтибос келтиради F Sports нашри.
Эслатиб ўтамиз, -75 кг вазн тоифасидаги Бектемир Мелиқўзиев ва ҳиндистонлик Викаш Кришан ўртасидаги чорак финал баҳсида ўзбекистонлик боксчи 30:26, 30:26, 30:27 ҳисобларида ғалаба қозонганди.
Кеча бўлиб ўтган ярим финал жангида Мелиқўзиев мексикалик Мисаел Родригезни 30:27, 30:27, 29:28 ҳисобларида енгиб, финалга йўлланма олди. Финалда Бектемирга кубалик амалдаги жаҳон чемпиони Арлен Лопез рақиблик қилади. Боксчиларнинг ўртасидаги сўнгги жанг ўтган йили Доҳадаги жаҳон чемпионати финалида кечган ва унда кубалик боксчи очколар ҳисобида устун келганди.
Мавзуга оид
09:34 / 03.11.2024
Бектемир Мелиқўзиев оғир кечган жангда очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонди
08:55 / 21.04.2024
Бектемир Мелиқўзиев «қонли» жангда енгилмас рақибни енгди
08:40 / 08.10.2023
Бектемир Мелиқўзиев яна нокаут эвазига ғалаба қозонди
08:07 / 23.04.2023