Россия Ҳиндистонга Ил-114 самолётларини йиғишни таклиф қилди
Россия савдо ва саноат вазирлиги Ҳиндистон ҳукуматига Ил-114 самолётини йиғишни ташкиллаштиришни таклиф қилди. Бу ҳақда вазирнинг ўринбосари Александр Потапов маълум қилди.
"Биз Ҳиндистоннинг давлат авиасозлик корпорацияси HAL’да Ил-114-300 самолётларини қўшма корхона кучлари билан ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш таклифини йўлладик", деб айтди Потапов.
Потаповнинг айтишича, самолётни йиғиш таклифи Ҳиндистон томонидан билдирилган. Потапов томонлар шунингдек ҳинд авиакомпанияларига Россиянинг Sukhoi Superjet 100 самолётлари етказиб берилишини муҳокама қилаётганларини қўшимча қилди.
Маълумотларга кўра, 2020 йилга келиб Ҳиндистон АҚШ ва Хитойдан кейин учинчи йирик авиация бозорига айланади, 2030 га келиб эса улардан ўтиб кетади. Мутахассислар буни Ҳиндистон аҳолисининг янада кўпайиши, авиаташувларнинг оммалашиши ва ёқилғи нархларининг тушиши билан боғлашмоқда.
Ил-114 турбовинтли самолёти 1980-йиллар охирида Ильюшин конструкторлик бюроси томонидан Собиқ иттифоқнинг минтақавий ҳаво линиялари учун яратилган. Самолёт Тошкентдаги Чкалов номидаги авиасозлик заводида йиғилган. Ҳаммаси бўлиб самолётдан 20 тага яқин ишлаб чиқарилган. Айни вақтда самолётни Россия авиация заводларида ишлаб чиқариш имконияти қаралмоқда. Россия савдо ва саноат вазирлиги самолётни такомиллаштириш ва оммалаштириш учун 50 млрд рубль ажратишга ваъда берган.
Мавзуга оид
16:50
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024
Ҳиндистон халқаро аэропортида ҳавонинг ифлосланиши туфайли 200 дан ортиқ рейслар кечиктирилди
19:27 / 13.11.2024
Покистон ва Ҳиндистонни қоплаган тутун коинотдан кўрина бошлади
19:10 / 13.11.2024