Жаҳон | 19:34 / 24.08.2016
10006
2 дақиқада ўқилади

Сурия курдлари Туркиянинг Жараблусга ҳужуми оқибатида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини маълум қилди

Фото: AFP

Туркия ҳарбийларининг Сурия шимолидаги Жараблус шаҳрига берган ҳаво зарбалари оқибатида тинч аҳолининг 29 нафар вакили ҳалок бўлган. Бу ҳақда Сурия Курдистони бошқаруви вакили маълум қилган.

"29 киши Туркия ҳурбийлари Жаралбусни ўққа тутиши оқибатида ҳалок бўлди. Яна 3 минг киши Жараблусдан Манбиж шаҳрига қочиб ўтди", дейилган хабарда.

Бундан олдинроқ Туркия армияси ва самолётлари АҚШ бошчилигидаги коалиция билан ҳамкорликда Сурия шимолидаги Жараблус шаҳрини ИШИДдан озод этиш учун амалиёт ўтказишга киришгани маълум қилинганди. Туркиянинг ўнлаб танклари бошқа ҳарбий техникалар ҳамроҳлигида Сурия чегарасини кесиб ўтган.

Сурия курдлари Туркиянинг юриши муваффақиятли чиқишига ишончсизлик билан қарамоқда.

"Туркиянинг ҳарбий амалиёти - қўшни давлат ҳудудини босиб олишга қаратилган. Албатта, биз уларга қарши турамиз. Бизнинг раҳбариятимиз зарур чораларни кўради", деган Курдлар демократик иттифоқи партиясининг Москвадаги вакили Абдислом Али "Интерфакс" агентлигига.

У ИШИДга қарши кураш Туркиянинг Жараблусга юриши учун бир баҳона эканини таъкидлаган.

Бундан олдинроқ, Сурия ТИВ Туркиянинг юришини ўз ҳудудига бостириб кириш сифатида баҳолаб, бу ҳаракатни қоралаб чиққанди.

Мавзуга оид