Жаҳон | 18:15 / 06.11.2016
11208
2 дақиқада ўқилади

Сурия курдлари Раққани озод этиш учун ҳужум бошламоқда

Фото: © Sputnik

Курдларнинг "Сурия демократик кучлари" партияси АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кўмагида Раққа шаҳрини ИШИД жангариларидан озод этишга киришади. Бу ҳақда партиянинг Раққадан шимолда жойлашган Айн Исса шаҳрида ўтказилган йиғилишидан кейин ўтказилган матбуот анжумани вақтида маълум қилинди.

Шаҳарга яқин соатларда ҳужум бошланиши кутилмоқда.

Бу амалиётга "Қутурган Фрот" номи берилган. Бу амалиётда курдлардан ташқари, араб қабилаларидан тузилган бўлинмалар иштирок этади.

Баъзи таҳлилчилар бу кучларнинг муваффақиятга эришишига шубҳа билдирмоқда

Бу ИШИДга қарши курашдаги иккинчи йирик ҳал қилувчи амалиёт бўлади. Октябрь ойининг иккинчи ярмида Ироқ армияси коалиция ҳамда Ироқдаги курд бўлинмалари ҳамкорлигида Мўсул шаҳрини озод қилиш учун юриш бошлаганди.

26 октябрь куни Пентагон раҳбари Эштон Картер ғарб мамлакатлари қўллаб-қувватлови билан Суриядаги ҳарбийлашган кучлар Раққани ИШИДдан озод этишга киришиши ҳақида айтганди.

Пентагон раҳбари ўшанда Вашингтондагилар аввалдан дастлаб Мўсулни, кейин Раққани озод этиш режасига эга бўлгани ҳақида гапирганди.

У америкалик махсус топшириқли ҳарбийлар Мўсул ва Раққадаги ҳаракатларда иштирок этиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан, айни вақтда АҚШ ҳарбийлари Ироқдаги ҳарбийларни ва ҳарбийлашган гуруҳларни ҳимоя қилиб тургани, аммо фронт чизиғида америкалик аскарлар йўқлигини айтганди.

Мавзуга оид