Спорт | 11:42 / 25.08.2016
13981
2 дақиқада ўқилади

Наманганда "Пневматик қуролдан ўқ отиш" тури бўйича Ўзбекистон кубогининг финал босқичи ўтказилди

Наманган автомобиль мактабида Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти марказий Кенгаши, республика техник-амалий спорт турлари маркази томонидан мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрамига бағишлаб, спортнинг пневматик қуролдан ўқ отиш тури бўйича Ўзбекистон кубогининг финал босқичи ўтказилди.

Мусобақанинг ҳал қилувчи тўртинчи босқич беллашувларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 110 нафар иқтидорли ўғил-қиз қатнашди.

Қизиқарли руҳда кечган ҳаво тўппончасидан ўқ отишда Фарғона вилоятидан Жаҳонгир Аҳмаджонов ғолибликни қўлга киритди. Наманганлик Акмал Ёрматов иккинчи натижани қайд этди. Фахрли учинчи ўрин андижонлик Георгий Вабановскийга насиб этди.

Қизлар ўртасидаги беллашувларда эса фарғоналик Муслима Йўлдошевага тенг келадиган муносиб рақиб топилмади. Қашқадарёлик Камилла Равшанбекова ва самарқандлик Ситора Эргашбоева мос равишда иккинчи, учинчи ўринларни эгалладилар. Наманганлик Алина Тарасова эса тўртинчи поғонадан жой олди.

Ҳаво милтиғидан ўқ отиш бобида самарқандлик Умид Пардаев ўз маҳоратини кўрсатиб, зафар қучди. Тошкент вилояти вакили Раиль Валиев иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Кучли учликни андижонлик Маҳкамбой Шаробиддинов якунлаб берди. Вилоятимиздан қатнашган Муроджон Аҳмадалиев “бешталик”ка кирди.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда моҳир мерганлигини кўрсатган Тошкент вилоятидан Зайнаб Пардабоева ғалаба нашидасини сурди. Наманганлик спорт устаси Мухтасар Тоҳирова иккинчи ўринга лойиқ деб топилди. Андижонлик Юля Кондрашова ҳам ғолиблар сафига кирди.

Тўртта босқич якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида энг кўп очко жамғарган Андижон вилояти жамоаси мамлакат кубогини қўлга киритди. Тошкент вилояти жамоаси фахрли иккинчи ўрин билан тақдирланди. Фарғона вилояти жамоаси учинчи бўлди.

Тантанали тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўктамжон Эргашев, “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев ғолиб-совриндор жамоалар ва спортчиларга кубок, диплом, эсдалик совғаларини топширдилар.

 

Намангандан
Хумоюнмирзо Абдуллаев

Мавзуга оид