Йиғилишда Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида ташкил этилаётган “Маҳалла ахборот ва хизмат маркази” лойиҳаси тақдимот қилинди. Мазкур марказ орқали 8 та маҳаллада истиқомат қилувчи 27 минг нафардан ортиқ аҳолига 980 турдаги хизматлар маҳалланинг ўзида, “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилиши режалаштирилган. Бунда ижтимоий ҳимоя, бандлик, профилактика, солиқ, жиноятчилик, таълим ва ҳудуднинг бошқа муҳим кўрсаткичларига оид маълумотлар ягона рақамли тизимга интеграция қилинади.

Профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган тақдимотда эса ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид 18 турдаги жараён рақамлаштирилиб, ходимларнинг планшетига интеграция қилингани айтилди. Шунингдек, инспекторлар замонавий боди-камералар билан таъминланиб, уларнинг фаолияти вазиятлар маркази билан узвий боғланган.

Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг янги устувор йўналишлари юзасидан ахборот берилди.

Сўнгги йилларда Наманганда саноат ҳажми 4,6 триллион сўмдан 40 триллион сўмга етгани қайд этилди. Жорий йилда Наманганда ялпи ҳудудий маҳсулотни 9,2 фоиз, саноатни 9 фоиз, хизматларни 17 фоиз, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ошириш вазифаси белгиланган. Энди машинасозлик, металлургия, енгил саноат, хизматлар ва янги иқтисодиёт йўналишларини вилоятнинг асосий драйверларига айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳудудларни ривожлантиришда илмий ёндашувни кучайтириш мақсадида 14 та “ақл маркази” Наманган мисолида янги иш услубига ўтади. Улар туман ва шаҳарларда иқтисодий диагностика ўтказиб, меҳнат унумдорлиги, инвестиция сифати, кооперация, бизнес фаоллик ва қўшимча қиймат занжирлари бўйича янги резервларни аниқлайди.

Мутасаддиларга 1 сентябргача ҳар бир туманнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ўрганиб, натижаси бўйича янги дастур ишлаб чиқиш топширилди. “Ақл маркази” томонидан тайёрланган ҳар бир илмий иш амалиётга жорий қилиниши, ҳудуд ёки тармоқ ривожига хизмат қилиши шартлиги таъкидланди.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва бизнес инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда Наманган вилоятига бюджетдан 4,5 триллион сўм ажратилган. Кичик ва ўрта бизнес учун 6,5 триллион сўм ресурс йўналтирилмоқда.

Вилоятда йил якунига қадар 80 минг аҳолини доимий ишга жойлаштириш, 314 минг нафар фуқаронинг даромадини ошириш, 21 минг оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилган.